Дарвеш муҳаммад тархон (?-1496) — темурийлардан Султон Аҳмад Мирзо (1451—94) нинг нуфузли амири, йирик ер эгаси. Ўрда Буғо Тархоннинг ўғли. Бухоро ҳокими. Арғин қабиласидан. Султон Аҳмад Мирзо ва Султон Маҳмуд Мирзонинг тоғаси бўлган. Алишер Навоий Самарқандда таҳсил олаётган пайтда (1466—69) Д.М.Т. унга ҳомийлик қилган. Самарқанд ёнида Д.М.Т. нинг чорбоғи бўлган. Бобур ва Биноий берган маълумотларга кўра, тарихчи Муҳаммад Солиҳ 15-аср 90-йиллари ўрталарида Д.М.Т. хизматида бўлган. Султон Аҳмад Мирзо вафоти (1494) дан сўнг Д.М.Т. Бойсунғур Мирзо билан Султон Али Мирзо ўртасидаги тахт учун курашда иштирок этиб, Бойсунғур Мирзо томонидан асир олиниб, қатл этилган. Бобур "Бобурнома"ла Д.М.Т. ҳақида "Мирзо қошида барча беклардин улуғроқ ва мўътабарроқ бу эрди. Мусулмон, одми ва дарвешваш киши эрди. Ҳамиша мушаф китобат қилур эрди. Шатранжни бисер ўйнар эди, яхши ўйнар эди. Қуш илмини хўб билур эди, қушни хўб солур эди", деб ёзади.

Адабиёт

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил