Daryo


Дарё табиий сув манбаси бўлиб,[1] одатда океан, кўл, денгиз ва бошқа дарёга қуйилувчи тоза сувдир. Дарёларни қуруқлик гидрологиясининг дарелар гидрологияси бўлими ўрганади. Ҳар бир дарёнинг манбаи ва денгиз, кўлга қуйиладиган ёки бошқа дарё билан қўшилиб кетадиган жойи — мансаби бўлади. Манба сувайирғичга яқин жойлашган бўлади.
Бевосита океан, денгиз, кўлга қуйиладиган ёки қумга сингиб кетадиган дарё бош дарё ҳисобланади, бош дарё га куйиладиган дарё — ирмоқ деб аталади. Бош дарё барча ирмоклари билан бирга дарё системасини ҳосил қилади. Дарёлар кўпинча кўл, ботқоклик, булоқ ва музликлардан бошланади. Масалан, Ўрта Осиёдаги Панж, Вахш, Зарафшон ва Норин каби дарёлар музликлардан, Россиядаги Нева, Свир, Ангара сингари дарёлар кўллардан, Беларус, Украина, Ғарбий Сибирдаги аксарият дарёлар ботқокликлардан бошланади. Қуруқ ва иссиқ иқлимли ўлкалардаги дарёлар кўпинча суви буғланиб ва қумга сингиб тугайди ёки ҳамма суви суғоришга сарф бўлади, жумладан Ўрта Осиёдаги дарёларнинг айримлари маълум бир жойга қуйилмасдан тугаб қолади (Зарафшон, Қашқадарё, Чу ва Туркманистондаги дарёлар). Дарё системаси ўзининг сувини йиғиб оладиган қуруқлик юзаси сув йиғиладиган майдон деб аталади. Ер сиртининг дарё системаси жойлашган ва бошқа сувайирғичлар билан чегараланган қисми дарё ҳавзаси дейилади (қаранг Дарё ҳавзаси).
Ўзбекистондаги дарёлар, асосан, тоғлардаги қор ва музликлардан ҳамда ёмғир сувларидан тўйинади. Ўзбекистон ҳудудини кесиб ўтувчи энг катта сув артериялари бўлмиш Сирдарё ва Амударё қамда уларнинг ирмоқлари Ўзбекистондан ташқарида бошланади. Ўзбекистоннинг йирик дарёлари: Норин, Қорадарё, Сўх, Чирчиқ, Зарафшон, Сурхондарё, Қашқадарё, Шерободдарё. Уларнинг кўпчилиги фақат ўрта ва қуйи оқимида Ўзбекистон ҳудудидан ўтади.

Дарё, одатда, релефнинг чўзиқ пастликларида — водийларда оқади, унинг энг паст қисми ўзан, дарё суви кўпайганда ўзандан чиқиб босиб кетадиган водий тубининг ўзанга туташ қисми эса кайир ёки қайир террасаси дейилади. Ўзанларда чуқур ва саёз жойлари алмашиниб боради. Ўзаннинг энг чуқур жойлари — фарватер, оқим тезлиги энг катта бўлган жойлари эса тезоқар жой дейилади. Дарё ёки дарёларнинг айрим қисмлари баландликлари фарқининг узунлигига нисбати дарё нишаблиги дейилади.
Релефга боғлиқ равишда тоғ дарёси ва текислик дарёсига бўлинади. Тоғ дарёси нишаби катталигидан, тор водийларда тез (кучли) оқади, ювиш жараёни ҳам кучли бўлади. Ўрта Осиё дарёлари асосан тоғ дарёларидир. Текислик дарёлари кенг ўзанда сокин оқади, илонизи ёки меандрлар хос. Текислик дарёлари ўзан ва қайирларида қум, гил ётқизиқлар қолдиради, марза, саёзлик, тирсаклар ҳосил қилади (мас, Амударё ва Сирдарё ўрта ва қуйи оқимида), қуйилиш жойларида эса делталар вужудга келади. Баъзан дарё дан ажралган тармоқлар бошқа дарё билан қўшилишиб кетади (қаранг Дарёнинг иккига айрилиши).
Ер шари юзасида дарёлар жуда ноте-кие тақсимланган. Ҳар бир материкда бош сувайирғичлар — оқим чегаралари бор. Ернинг бош сувайирғичи материклар юзасини 2 асосий ҳавзага: АтлантикаАрктика (оқим Атлантика ва Шимолий Муз океанларига боради) ва Тинч океан (оқим Тинч ва Ҳинд океанларига тушади) ҳавзаларига бўлиб туради. Экваториал минтақада дарёлар зич бўлиб, дунёдаги энг йирик Амазонка, Конго дарёлари оқади; тропик ва мўътадил минтақаларда, айниқса тоғли раёнларда (Алп, Кавказ, Қояли тоғлар ва б.), чўлларда дарёлар қор эриганда ёки жалаларда сув тўлиб оқади (мас, Қозоғистоннинг текислик қисмида).
Дарёда оқим тезлиги бир неча см/сек дан (текислик дарёсила) 6-7 м/сек гача (тоғ дарёсида) ўзгариб туради. Сув сатҳи кўтарилиши билан оқим тезлиги, одатда, чуқур жойларда кўпаяди ва саёзликда камаяди. Дарёда сув температураси иссиқ мавсумда ҳаво температураси билан деярли бир хил, дарё музлаган пайтда қарийб 0° бўлади.
Дарёларда музлаш ҳодисалари қуруклик ҳудудининг тахминан 1/4 қисмида, асосан Шимолий ярим шарда кузатилади. Дарёлар Россия Федерациясида даставвал Шим.-Шарқий Сибирда (сентабр охирида), кечроқ Европа қисмининг жануби-ғарбида ва Ўрта Осиёда (декабр охири — январ бошида) музлайди. Энг калин муз қоплами Шарқий Сибир дарёларида (муз қалинлиги ўртача 1,5-2 м) кузатилади ва 9—10 ой мобайнида сақланади. Тоғ дарёларида оқим тез бўлганлигидан муз қатлами ҳосил қилмайди, кўпгина дарёларда қишда шовуш оқади.

Дарё да сув сатҳининг тебраниши сув сарфининг ўзгариши билан боғлиқ. Сув сатҳи ва сув сарфи ҳамда уларнинг тебраниши — сув режимининг асосий тавсифидир.
Дарёлар — Ерда сув айланишит муҳим восита. У қурукликда чучук сувни тақсимлайди ва Дунё океанига кайтаради. Дарёларнинг Дунё океанига жами йиллик оқими қарийб 42 минг км3.
Дарёнинг тўйиниш манбалари — ёғин, қор қоплами, баланд тоғ қорлари ва музликлар, ер ости сувлари. Тўйиниш хусусиятларига кўра, дарёнинг асосий сув режими фазаларга: тўлинсув даври, вақтинча сув тўлиб оқиши ва камсув даврига бўлинади.
Тоғ дарёлари алоҳида сув режимига эга. Уларнинг тўйиниши ва серсувлиги баландлик минтақалари қонуниятларига боғлиқ. Ўрта Осиё дарёлари асосан тоғлардаги қор ва музликлардан сув олади. Карст шакллари ривожланган жойларда.баъзан ер остида оқиб, яна юзага чиқадиган дарё ҳам бор.
Дарё эрозия (емириш) ишларни бажаради. Ўзан ва қайирида дарё оқимлари, сув йиғиш майдонида эса юза сувлари окими тупроқни ювади. Дарё сувининг лойқалилиги турлича. Ўрта Осиё дарё лари суви нисбатан лойка (1 м3 сувда 200—300 г дан 1-5 кг гача лойка бор).
Дарё оқими чучук сув ресурсларининг муҳим манбаидир (қаранг Сув ресурслари). Дарё оқимлари келиб чиқиши ва хўжалик аҳамиятига кўра 2 қисмдан: ер ости оқими ва ер юзаси оқимидан иборат. Ер ости оқимидан йил давомида фойдаланиш мумкин. Ер юзаси оқимини сув омборлари ёрдамида тартибга солиб фойдаланилади.
Дарёнинг флора ва фаунаси бентос, планктон ва нектондан иборат. Дарё тубининг тузилишига қараб қар хил дарё туби ҳайвонлари учрайди. Дарёнинг секин оқадиган қисмида юксак сув ўсимликлари учрайди. Сувўтлар ва тошлар орасида кўплаб майда жонзотлар яшайди. Эркин сузадиган планктонларга ярим микроскопик ва микроскопик ҳайвонлар (майда қисқичбақасимонлар, коловратка) ва сувўтлар (фитопланктон) киради. Нектонга оқимга қарши суза оладиган баликлар мансуб. Дарёларнинг қуйи қисми ва уларнинг делталари балиққа бой. Дарё да сув омборлари барпо қилиш планктонларнинг сонини оширди. Тўғон ва гидроузеллар қурилиши овланадиган ўткинчи балиқларнинг (айниқса лососсимон ва осётрсимонлар) табиий миграциясига тўсқинлик қилади ва кўпайишига халақит беради. Дарёларнинг саноат ва хўжалик оқова сувлари билан ифлосланишига ёғоч чиқиндилари, шунингдек, минерал ўғитлар ва заҳарли кимёвий моддаларнинг қўшилиши ҳам салбий таъсир курсатади. Ер шаридаги кўпчилик дарёнинг (айниқса Шимолий Американинг шарқи ва Ғарбий Европадаги) суви саноат ва хўжалик чиқиндилари билан ифлосланган. Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш мақсадида қонуний, техникавий ва санитария-гигиена чора тадбирлари кўрилмоқда (қаранг Табиатни муҳофаза қилиш).
Дарё қадимдан аҳолини ичимлик суви ва саноатни сув билан таъминлаш, табиий ва чана (қишда) йўли, мунтазам янгиланиб турадиган гидроэнергия манбаи, ботқоқ ерларнинг сувини қочиришда коллектор вазифасини ўтаб келган. Дарёлардан анчагина балиқ овланади. Дарё қайирлари ўтлоқ, тупроғи унумдор бўлиб, кўпинча полиз экинлари¾ экилади. Дарё водийлари бўйлаб асосий ер усти транспорт йўллари (темир йўл ва автомобил йўллари) ўтади, дарё бўйида жуда кўп шақар ва шаҳарчалар жойлашган. Дарё суви сув ресурсларининг асосий манбаидир.
Манбалар
- ↑ Ривер {дефинитион} фром Мерриам-Wебстер. Аccессед Фебруарй 2010.
Ўқиш учун
- Жеффрей W. Жаcобс. "Риверс, Мажор Wорлд – дам, сеа, эффеcц, импортант, ларгест, салт, тйпес, сйстем, соурcе". Wатер Энcйcлопаэдиа. ҳттп://www.wатеренcйcлопедиа.cом/Ре-Ст/Риверс-Мажор-Wорлд.ҳтмл.
- Луна Б. Леополд. А Виэw оф тҳе Ривер. Ҳарвард Университй Пресс, 1994. ИСБН 978-0-674-93732-1. ОCЛC 28889034.
- Миддлетон, Ниcк. Риверс: а верй шорт интродуcтион. Неw Ёрк: Охфорд Университй Пресс, 2012. ИСБН 978-0-19-958867-1.
Адабиётлар
- Шулъс В. Л., Реки Средней Азии, ч. 1-2, Л., 1965; Шулс В. Л., Машрапов Р., Ўрта Оеиё гидрографияси, Т., 1969; Баратов П., Маматқулов М., Рафиқов А., Ўрта Осиё табиий географияси, Тошкент, 2002-йил.
- Ҳикматов, Фазлиддин. Ўзбекистон миллий энсиклопедияси. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил.
Ҳаволалар
| Дарё ҳақида Википедиянинг қардош лойиҳаларида кўпроқ билиб олинг | |
| Маъно ва таржималари Викилуғатда | |
| Медиа файллар Викиомборда | |
| Таълим ресурслари Викиверситетда | |
| Хабарлар Викиянгиликларда | |
| Иқтибос, мақол ва маталлар Викииқтибосда | |
| Асарлар матнлари Викиманбада | |
| Китоб ва дарсликлар Викикитобда | |