Dengiz
Бу мақола викилаштирилиши керак. |

Денгиз — Дунё океанининг [бир] қисми; океандан қуруклик ёки ороллар, ярим ороллар ва сув ости релефининг кўтарилган жойлари билан ажралиб туради. Ўзининг гидрологик, метеорологик ва иқлимий режими билан океаннинг очиқ қисмидан фарқ қилади. Денгиз қуруқлик билан қанча кўп ўралган бўлса, океандан тафовути шунча кўп бўлади. Океанларнинг айрим очиқ қисмлари шартли равишда Денгиз дейилади, масалан, Саргассо Денгиз ва Филиппин Денгиз Аслида кўл (масалан, Орол, Каспий денгизи, Ўлик денгизлари), лекин майдони анча катта бўлганлигидан денгиз деб аталган, баъзи денгизларга эса қўлтиқ дейилади (масалан, Гудзон қўлтиғи, Форс қўлтиғи). Денгизлар географик ўрни ва гидрологик режими хусусиятларига кўра 3 гуруҳга бўлинади: материклар орасидаги денгизлар, материк ичкарисидаги денгизлар ва чекка денгизлар.
Материклар орасидаги денгизлар жуда чуқур бўлади. Буларга Ўрта денгиз, Австралия ва Осиё орасидаги денгизлар, Кариб денгизи ва Қизил денгиз киради. Материкдаги денгизлар бирон материкнинг ичкарисида жойлашган бўлади. Буларга Оқ денгиз, Болтиқ денгизи, Қора денгиз, Азов денгизи ва бошқа киради.
Чекка денгизлар океан ва материкларнинг чеккаларида бўлади. Буларга Баренс денгизи, Кара денгизи, Шарқий Сибир денгизи, Чукотка денгизи, Беринг денгизи, Япон денгизи, Шимолий денгиз ва бошқалар киради.
Денгиз атрофидаги қуруқлик денгизнинг иқлими, сув режими ва сув ости ётқизиқларига ўз таъсирини кўрсатади. Бундай таъсир материк ичкарисидаги ва материклар орасидаги денгизларда айниқса катта бўлади. Денгиз атрофидаги дарёлар денгизга чучук сув билан бирга лойқа (оқизиқ) жинсларни келтиради. Денгизлар геологик нуқтаи назардан ёш ҳосиллардир. Улар учламчи даврда вужудга келган, тўртламчи даврда тўлиқ шаклланган. Энг чуқур денгизлар Ер пўстининг ўпирилган — ёрилган жойларида ҳосил бўлган. Масалан, Ўрта денгиз (энг чуқур жойи 5121 м), Кариб денгизи (энг чуқур жойи 7090 м) ва бошқа Саёз денгизлар материк чеккаларининг чўккан қисмларини океан сувининг босишидан ёки океан сатҳининг кўтарилишидан пайдо бўлган. Бундай денгизлар кўпинча материк саёзликларда жойлашган (қаранг Шелф). Масалан, Шарқий Сибир денгизи, Шимолий денгиз ва бошқа.
Денгиз тубининг релефи океанларнинг очиқ қисми тубининг релефига қараганда оддийроқ тузилган. Денгиз туби релефида катта масофага чўзилган сув ости баланд тизмалари, кенг платолар эмас, балки унча чуқур бўлмаган сойликлар, тепаликлар, саёзликлар кўп.
Денгиз иқлимига қуруқликнинг таъсири катта. Тропиклардаги Денгизлар устида температуранинг ўртача йиллик амплитудаси 15° (Форс қўлтиғи), ўртача кенгликларда эса 30° ва ундан ортиқ (Япон денгизи). Денгиз юзасидаги сув температурасининг амплитудаси ўртача ва субтропик кенгликлардаги денгизларда энг катта (мас, Ўрта денгизда 17° гача), экватор атрофларидаги денгизларда эса энг кичик (мас, Сула-веси денгизида 2° дан кам) бўлади. Географик ўрнига қараб баъзи Денгизлар юзасининг температураси қўшни океан юзасиникига қараганда юқорироқ бўлади (мас, Қизил денгиз), баъзи денгизлар юзасининг температураси эса океан юзасиникидан пастроқ бўлади (мас, Охота денгизи).
Денгиз сувининг шўрлиги Дунё океанидан анчагина фарқ қилади. Буғланиш қуйиладиган чучук сувдан кам бўлса, шўрлик даражаси паст бўлади (мас, Болтиқ денгизида 6—8%о). Бунда буғланмай қолган ортиқча сув денгиз юзасидан оқеанга чиқиб кетади. Агар буғланиш қуйиладиган чучук сувдан ортиқ бўлса, Денгизларнинг шўрлик даражаси юқори бўлади (мас, Қизил денгизда 41,5%о). Бунда ортиқча буғланиш натижасида Денгиз сатҳи пасаяди. Натижада океандан сув оқиб келади.
Денгизларда шўрлик ва температура турлича тақсимланганлиги сабабли сувнинг зичлиги ҳам турлича, мас, Болтиқ денгизида 1,0100, Қизил денгизда 1,0287 (очиқ океанда зичлик 1,0210—1,02725). Денгиз юзасида сувнинг зичлиги мавсумларга қараб сезиларли даражада ўзгариб туради.
Денгизларда зичликнинг мавсумий ўзгариб туриши натижасида, мавсумий вертикал сиркулясия кучли бўлади. Сув юзасидаги зичлик катта бўлган денгизларда вертикал сиркулясия денгиз тубигача етиб боради.
Оқимлар денгизларда кам. Қурукликдан қуйилган сувлар, атмосферадаги сиклонлар, Ернинг айланишидан вужудга келган бурувчи куч таъсирида оқимлар айланма ҳаракат қилади. Уларнинг йўналиши Шимолий ярим шарда соат мили йўналишига қарши, Жан. ярим шарда эса соат мили йўналиши бўйлаб бўлади.
Денгизлар ҳайвонот ва ўсимлик дунёсининг эндемик турлари кўплиги ва органик дунёсининг хилма-хил бўлиши билан океанлардан фарқ қилади.
Адабиётлар
- Керрингтон Р., Биография моря, Л., 1964[1].
Денгизлар рўйхати
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |
Манбалар
Ҳаволалар
| Викииқтибосда Денгизга тегишли иқтибослар мавжуд. |