ДЕНИ (Денис) Морис (1870.25.11, Гранвил, Нормандия — 1943.3.11, СенЖермен-ан-Ле, Париж яқинида) — франсуз рассоми. "Наби" гуруҳи (1890) ва "Диний санъат устахонаси" (1919)нинг асосчиси ва назариётчиларидан. Париждаги Жюлиан академияси (1887 й.дан) ва Нафис санъат мактабида таҳсил кўрган. Д. ижоди символизм ва "модерн" услуби билан узвий боғлиқ, унда маҳобатли шакл ва безак мутаносиблигига мойиллиги сезиладиган диний мистик кайфият мавжуд: "Психея тарихи" (11 та намоён, 1908— 09), Везинедаги черков (1901—03) ҳамда Елисей майдони театри (1912—13) деворий расмлари ва б., витраж, гобелен, театр спектакллари безаги учун чизгилар, китоб иллюстрациялари яратган. Санъат назариётчиси сифатида рангтасвирда безакдорлик, рангдорликни эътироф этган ("Назария", 1912 ва б.).

Адабиёт

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил