Determinatsiya
Детерминация (лотинча, детерминатиа — чекланиш, аниқланиш), латент ихтисосланиш — эмбриологияда орган ва тўқималарнинг шаклланиши олдидан ривожланаётган эмбрион қисмлари ўртасида сифат жиҳатдан фарқ пайдо бўлиши. Детерминация терминини немис эмбриологи К. Гайдер 1900-йилда таклиф қилган. Ҳужайра материали унга хос бўлмаган жойга кўчирилганида ундан нормал ҳолатда ихтисослашадиган орган пайдо бўлса, детерминлашган ҳисобланади.
Детерминация асосида информацион рибонуклеин кислоталар ва оқсил молекулаларининг синтезланишига олиб келадиган айрим генларнинг фаоллашуви ётади. Детерминация зиготанинг бўлиниши даврида бир қанча омиллар, хусусан бўлинаётган ҳужайраларга ҳар хил сифатли ситоплазманинг ўтиши, айрим ҳужайралар гуруҳининг ўзаро таъсири ва бошқа жараёнларда юзага чиқади. Умуртқасиз ҳайвонларда саркоплазматик секреция устун бўлгани учун тана қисмлари детерминацияси зиготанинг майдаланиши жараёнидаёқ бошланади. Умуртқалиларда муртак қисмларининг ўзаро таъсири (индуксия) асосий аҳамиятга эга бўлгани сабабли детерминация органогенез даврида намоён бўлади. Бу белгига асосан ҳайвонлар шартли равишда мозаик тухумли детерминлашган ва регуляцион тухумли детерминлашмаган ривожланиш гуруҳларига ажратилади. Одатда, ривожланишда индуктор таъсирида дастлаб турғун бўлмаган детерминация кейинроқ турғун (лабил) детерминация юзага чиқади, фақат шундан кейин морфологик жиҳатдан фарқ қиладиган ихтисослашув бўлади, яъни тўқима ёки орган шакллана бошлайди. Бундан кейинги даврларда ихтисослашув янгидан-янги ўзаро таъсир этувчи системалар ва жараёнларни ўз ичига олади. Бу жараёнларда ҳужайра материалидан шаклланиши лозим бўлган тўқима ва органларнинг қисмлари фарқлана бориши билан бирга унинг морфологик имконияти ҳам тобора чекланиб боради. Кўпчилик иккиламчи оғизлиларда детерминация дастлаб ўзгарувчан бўлганидан муртак айрим қисмларининг ривожланиш йўлини сунъий ўзгартиришга имкон беради. Кейинчалик детерминация турғун ҳолатга ўтади ва ҳар бир ҳужайра фақат муайян органни ёки тананинг бир қисмини ҳосил қилиш хусусиятига эга бўлиб қолади. Детерминация бўлинаётган муртак ҳужайраларининг морфолитик ихтисослашуви орқали тўқима ва органларнинг ривожланишига олиб келади. Детерминация термини ҳозирда кўп соҳаларда ишлатилади.
Адабиёт
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |