Deyok
Деёк — Геродотнннг маълумотига кўра, Мидиянинг дастлабки подшоси (мил. ав. 727—675). Мидияни Оссурия асоратидан халос этгандан сўнг халқ томонидан ҳокимият тепасига аввал ҳакам (судя) сифатида, сўнгра пароканда мамлакатда узил-кесил тартиб ўрнатиш мақсадида подшоҳ этиб сайланган. Мидияликларнинг бир давлат остида бирлаштирган, Экбатана (Ҳамадон) ш.га асос солган. Тепалик устида бунёд этилган шаҳар 7 қатор мудофаа деворлари билан ўраб олинган бўлиб, ҳар бир девордан кейин келадиган девор ўзидан олдингисидан бир поғона баланд қилиб қурилган. Деворлар турли рангларда, биринчи девор — оқ, иккинчиси — қора, учинчиси — сарғиш-қизил, тўртинчиси — тўқ кўк, бешинчиси — жигарранг , олтинчиси — кумушранг , еттинчиси — зарҳал рангда бўлган. Сўнгги мудофаа деворлари ўртасида подшо саройи ва хазина қурилган. Д. аҳолига девор атрофида жойла-шишни буюрган. Саройда қуйидагича тартиб ўрнатилган: бирон-бир шахсни бевосита, шунчаки подшо ҳузурига кириши ман этилган, ҳар қандай иш бўйича подшоҳ билан хизматкорлар (хабарчилар) орқали боғланилган. Бундан ташқари ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар ҳар қандай кишини подшоҳ қузурида кулиши ва туфуриши одобсизлик ҳисобланган. Шикоятлар подшоҳга ёзма равишда топширилган, подшоҳуларни кўриб чиққач қайтарилган. Бирор-бир ерда жиноят содир этилган бўлса Д. айбдорни ҳузурига чақириб қилган гуноҳига яраша жазолаган. Бутун мамлакат ҳудудида унинг хабарчилари, айғоқчилари бўлган. Афтидан, Д. мил. ав. 715-йилда оссурийлар томонидан асир қилиб олиб кетилган ва оссурий ёзувларида асирлар қаторида номи келтирилган мидиялик ҳукмдорлардан бири Даяукку билан айнан бир шахс бўлса керак. Мил. ав. 713-йилда Саргон томонидан тобе эттирилган Мидияда Бит-Даиакку деб аталган бутун бир вилоятнинг мавжуд бўлиши, Д.нинг машҳур подшолардан бўлганлигини кўрсатади.
Фахриддин Ҳасанов.
Адабиёт
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |