Diatez
Диатез (юнонча: диатҳесис — мойиллик) — организмда моддалар алмашинуви жараёнининг туғма нуқсони, унда организм функсиялари ва моддалар алмашинуви сурункали беқарор ҳолатга келади, бу эса ўзига хос патологик реаксиялар ва касалликларда намоён бўлади. Диатезнинг келиб чиқиши вегетатив нерв системаси, ички секреция безлари ва одам конституцияси билан боғлиқ. Ташқи муҳит шароити ёмонлашганда (овқатланиш режими бузилганда, организм касалланганда), марказий ёки вегетатив нерв системасининг функсияси бузилганда аъзолар тўғри ишлай олмайди, моддалар алмашинуви ўзгаради, натижада организмнинг ташқи муҳитга мосланиш хоссаси сусаяди, реактивлиги ўзгариб, муайян касалликларга мойил бўлиб қолади. Диатезда ҳатто одатдаги турмуш шароити ҳам патологик реаксияларга, касалликка сабаб бўлади.
Диатез кўпинча болаларда кузатилади. Диатезнинг ҳар хил шакллари бор. Экссудатив-катарал диатез, лимфатик-гипопластик ва нервартрик диатез кўп учрайди. Нервартрик диатез белгилари ёшга қараб ўзгаради: гўдаклик даврида ҳазм аъзолари фаолияти бузилиб, бола озишга мойил бўлади, асабийлашади, кейинроқ бориб, у озиб ёки семириб кетади, руҳан қўзғалувчан бўлади ва ҳоказо. Геморрагик диатез диатезнинг алоҳида бир тури ҳисобланади[1].