Зиёсферада исми Дилдора ва фамилияси Рустамова бўлган бошқа кишилар ҳақида ҳам мақолалар мавжуд.

Дилдора Рустамова (1978-йил 6-августда Бухоро вилоятида туғилган) — ўзбекистонлик таниқли журналист, сухандон, дубляж актрисаси ва Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.

Дилдора Рустамова
Таваллуди 1978-йил 6-август (1978-08-06) (48 ёш)
Бухоро вилояти, Жондор тумани
Таълими Тошкент давлат санъат институти, Ўзбекистон Миллий Университети
Касби журналист, телебошловчи, сухандон, дублаж актрисаси
Фаолият йиллари 1997-йилдан ҳозиргача
Турмуш ўртоғи Бобур Кенжаев
Мукофотлари Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, „Ўзбегим аёли“

Болалик даври ва таълим

Дилдора Рустамова 1978-йил 6-августда Бухоро вилоятининг Жондор туманида актёр Насриддин Рустамов ва актриса Гулнора Рустамовалар оиласида дунёга келган. Дилдора оилада тўнғич фарзанд бўлиб, бир укаси ва бир синглиси бор.[1] Унинг укаси Отабек Рустамов ҳозир Шод гуруҳида хонанда сифатида фаолият олиб боради. Синглиси Дилором Рустамова эса педиатор ва болалар невропатологи бўлиб ишлайди.

Дилдора Рустамова Тошкент шаҳридаги 59-мактабда ўқиган. Мактабни тугатгач, Маннон Уйғур номидаги Тошкент давлат санъат институтинининг театршуношлик йўналишида ўқиб, 2001-йилда бакалавр даражасини олган. Сухандоннинг сўзларига кўра оиласидаги санъатга мойиллик уни шу соҳада ўқишга ундаган. Кейинчалик 2004-йилда Ўзбекистон миллий университетида Халқаро журналистика бўйича магистратура босқичини тугаллаган. У 2001-йилда УНЕСCОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ўтказган танловда грант соҳиби бўлиб, Кореянинг КОИCА ўқув агентлигида бир ой таҳсил олади. Шунингдек 2004—2006-йилларда Туркиянинг ТРТ давлат телеканалида малака ошириб қайтади.

Карераси

Телебошловчи, сухандон

Болалигидан сухандонликка қизиққан Дилдора, Мултипонарама дастури бошловчиси Дилфуза Юсуповага ҳавас қилар эди. У ўзининг телебошловчи сифатида фаолиятини 1997-йилда Ўзбекистон телевидениясида бошлаб, бир-неча дастурларни олиб борган. Шулар қаторида „Ўзбекистон“ телеканалидаги „Ахборот“, „Янгиликлар“; Спорт телеканалидаги „Дикторлар гуруҳи“, „Ўзбекистон 24“ телеканалидаги „Ахборот 24“ дастурлари ҳам бор. Ҳозир Дилдора Рустамова Ўзбекистон телеканалидаги „Ассалом Ўзбекистон“ эрталабги кўнгилочар дастурини ҳамда „Севимли“ телеканалидаги „Замон“ информацион дастурини (2019-йил ноябрдан) бошловчи сифатида олиб боради.

Дилдора Рустамова телевидениядан ташқари турли давлат ва халқаро аҳамиятга эга йирик тадбирларда ҳам сухандонлик қилади. Илк маротаба 1998-йилда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 6 йиллик байрам тадбирини марҳум устози Абдумўмин Ўтбосаров билан олиб борган ва шундан сўнг „Мустақиллик“, „Наврўз“ байрамлари, чет давлатлардаги Ўзбекистон кунлари, халқаро конфренсияларга бағишланган тадбирларни олиб бориш ҳам ишониб топширилган. Хусусан, 2021-йил 14-декабрда Туркиянинг пойтахти Анқарада бўлиб ўтган Ўзбекистон маданияти кунларида Дилдора Рустамова турк тилида даврани олиб борган эди.

Актриса

Санъаткорлар оиласида вояга етган Дилдора Рустамова ўзини кинода ҳам синаб кўрган. У таниқли режиссор Маҳкам Муҳаммедов томонидан Абдулла Қодирий асари асосида суратга олинган „Меҳробдан чаён“ сериалида[2] бош қаҳрамон Раъно ролини ижро этиб, томошабинлар кўнглидан жой олади.

Дубляж

Дилдора Рустамова 2000-йилдан дублаж санъатига кириб келади. Дублажда у Баҳодир Абдуллаев, Камолиддин Усмонов,[3] Санжар Садуллаев каби соҳа мутахассисларидан сабоқ олади. Биринчи маротаба ҳинд филми „Баажигар“ни овозлаштириш жараёнида Кажол рўлига овоз берган[4] Дилдора Рустамова ҳозир кўплаб асарларни дублажида қатнашиб келмоқда. Хусусан, „Муҳташам юз йил“, „Жасур ва Гўзал“, „Маликам энди қара“ каби сериаллар шулар жумласидандир.

Шахсий ҳаёти

Дилдора Рустамова 2001-йилда Ўзбек Миллий мақом санъати маркази Юнус Ражабий номидаги мақом ансамбли хонандаси, „Шуҳрат“ медали соҳиби (2019-йил) Бобур Кенжаев билан турмуш қурган. Уларнинг Шаҳризода ва Моҳимбону исмли икки нафар қизлари бор.

Ютуқлар

1997-йилда Республика сухандонлар танловида ғалаба қозонади ва Ўзбекистон телеканалига ишга қабул қилинади.

2011-йилда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими унвонига сазовор бўлган

2021-йилда „Ўзбегим аёли“ мукофотига лойиқ топилган[5]

Манбалар

Ҳаволалар