Док (инг . доcк) — 1) кемаларнинг сувга ботиб турадиган қисмини қуриш, сувдан чиқариб кўздан кечириш ва таъмирлаш учун хизмат қиладиган иншоот. Док қуруқ, сувли ва сузиб юрувчи хилларга бўлинади. Қуруқ Док гаван ёки ҳавзанинг қирғоғига қурилади. У деворлари ва туби сув ўтказмайдиган камера, шлюз, насос стансияси, кемаларни камерага киритиш ва ундан чиқариш жиҳозларидан иборат. Док ёғоч, тош, пўлат, бетон ва темир-бетондан қурилади. Унга сув тўлдирилиб, таъмирланадиган кема киритилади ва сув чиқариб юборилади, шунда кема махсус тўсинларга ўтириб қолади. Сувли Д.да кема камера девори бўйлаб ясалган майдонга ўтиради. Бунинг учун майдонлар орасидаги каналга насос ёрдамида сув тўлдирилиб, кема киритилади ва сув чиқариб юборилади. Сувли Д.да бир вақтда икки кема таъмирланиши мумкин. Сузиб юрувчи Д. четларига кўтариш кранлари ўрнатилган узун понтонядан иборат. Кемани Д.га киритиш учун понтонга сув тўлдирилиб, кема кирадиган даражада сувга ботирилади ва кранлар орасига тўғри келтирилади, сўнгра насос ёрдамида понтондаги сув чиқариб ташланади, Д. сув бетига қалқиб чиқади ва кема понтон тубига ўтиради. Бундай Д.нинг афзаллиги уни исталган жойга олиб бориш мумкинлигидир. Сузиб юрувчи Д. пўлат ва темир-бетондан ясалади; 2) денгиз сатҳи кескин ўзгариб турадиган жойларда кемалар юк ортиш ёки юк туширишга қўйиладиган порт ҳавзаси (камераси). Бундай Докда сув сатҳи ўзгармай туради.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил