Dotsent
Доцент (лот, досене — таълим берувчи) — бир қанча мамлакатларда олий ўқув юртлари ўқитувчиларининг илмий унвони ва лавозими. Ўзбекистонда Доцент унвони кафедра мудири ва б. лавозимларга танлов бўйича сайланган ёки шу лавозимларда шартнома асосида ишлаётган ёхуд олий ўқув юртининг ректори (ўқув ва илмий ишлар бўйича проректори), малака ошириш институти ва унга тенглаштирилган ўқув юртининг директори (директор ўринбосари) лавозимларини эгаллаб турган, уларда ўқув йили давомида муваффақиятли фаолият юритган, олий ўқув юртлари ёки малака ошириш институтларида камида 3 йил педагог бўлиб ишлаган ҳамда педагогика амалиётида фойдаланилаётган, шу жумладан диссертация ҳимоясидан кейин матбуотда эълон қилинган илмий ва ўқув-методик ишларга эга бўлган фан доцентлари ва номзодларига берилади. Олий ўқув юртида камида 5 йиллик педагоглик иш стажига эга, коллеж, лицей, гимназия, ўрта махсус ва касб-ҳунар ўқув юртлари учун дарслик ёки ўқув қўлланмалари, умумий ўрта таълим мактаблари учун дарсликларнинг якка муаллифлари бўлиб, танлов бўйича ёки шартнома асосида кафедра мудири Доцент лавозимига тайинланган ва мазкур лавозимларда ўқув.йили давомида муваффақиятли ишлаган олий маълумотли юқори малакали мутахассисларга ҳам илмий даражаси бор-йўқлигидан қатъи назар, Доцент унвони берилиши мумкин. Доцент унвонини, қайси идорага бўйсунишидан қатъи назар республика олий ўқув юртлари ва илмий тадқиқот муассасалари илмий (илмий-техника) кенгашларининг тавсиясига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қузуридаги Олий аттестация комиссияси беради. Доцентларга белгилаб қўйилган намунадаги аттестатлар топширилади. Ўзбекистон Республикаси да Олий аттестация комиссияси ташкил этилгандан бери (1992) 2002 й. 1 январгача 3088 киши Доцент унвонига эга бўлган.
Адабиёт
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |