Dualizm
|
Дуализм (лот. дуалис – икки ёқлама) – бир-бири билан бирлаштириб бўлмайдиган ҳолатлар, тамойиллар, фикрлаш тарзи, дунёқараш, интилиш ва гносеологик тамойиллар ёнма-ён мавжудлигини таргиб қилувчи таълимот. Дуализм плюрализм кўринишларидан бири. Дуализм терминини немис файласуфи Х. Волф (1679— 1754) киритган. Дуализм қуйидаги жуфт тушунчаларни ифодалайди: ғоялар дунёси ва воқеий дунё (Платон), худо ва иблис (яхшилик ва ёмонлик тамойили), худо ва дунё, руҳ ва материя, табиат ва руҳ, жон ва тан, обект ва субект, билим ва эътиқод, у дунё ва бу дунё, табиат салтанати ва илоҳий марҳамат салтанати ва б. Дуализм фалсафий, диний, антропологик, этик шаклларда намоён бўлиши мумкин. Қадимги даврда диний-этик Дуализм Авестода учрайди. Унда дунё тараққиёти жараёни бир томондан яхшилик, ҳақиқат, ёруғлик, иккинчи томондан, ёмонлик, жаҳолат, қоронғулик ўртасида абадий кураш сифатида тасаввур қилинади. Дуализм фалсафада дунёнинг негизида бир-бирига боғлиқ бўлмаган икки мустақил нарса – руҳ ва материя мавжуд деб билишида кўринади. Бу айниқса Р. Декарт ва И. Кант қарашларида кўзга яққол ташланиб туради. Гегел Д.ни идеалистик монизм асосида, яъни мутлақ ғоя ва борлиқ ўртасидаги қарама-қаршиликни диалектик синтез асосида бартараф қилишга уринади. Монизмнинг бошқа шакллари ҳам шу йўлдан боради. Дуализм кейинги вақгда психологиядаги психофизик параллелизм назариясига асос бўлди.
Адабиёт
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
| Фалсафага оид уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |