Дугга — Тунисдаги қадимги Меъморий ёдгорликлар сақланган шаҳар, мил.ав. 4-асрда финикияликлар шаҳри номи билан машҳур бўлган. Мил. ав. 2-асрда юксак даражада ривожланиб, ҳашаматли шаҳар деворлари ҳаробалари, Атебан мақбараси (мил. ав. 200-йиллар, меъмори карфагенлик Абариш; мурабба тархли, бал. 21 м.га яқин, 3 қатламли минора тепаси пирамидасимон шаклда тугалланган), Рим ҳукмронлиги даври (мил. ав. 46 й.)да эса капитолий форуми ҳаробалари, Лициний терми (мил. ав. 260 й., 370 йилда қайта қурилган; кошин билан безатилган), 3 минг томошабинга мўлжалланган театр (мил. ав. 168—169 й., диаметри 63 м), сирк (мил. ав. 224 й.), Север Септимий (мил. ав. 205 й.) ва Север Александр (мил. ав. 226 й.) зафар арки, турар жой, қуббасимон систерн, Танит (ёки юнонликлар) ибодатхонаси (мил. ав. 222—223 йиллар), пунияликлар анъаналари асосида қурилган бинолар сақланган. Д.даги қурилишларда асосан тошдан фойдаланилган, кўп қисми ҳайкал ва кошин билан безатилган. Ҳозир Д.да Бардо миллий музейи ташкил этилган.

Адабиёт

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил