Думба — думбали қўй зотларининг дум илдизи ва думғаза остонасида, тери остида ҳосил бўлувчи ёғ тўплами (думба ёғи номи билан маълум). Д.ли қўйлар 10—15 кг гача, бўрдоқига боқилганда ўта семиз қўчқорлар 40—45 кг гача Д. ёғи тўплайди. Д.ли қўйлар асосан қурғоқчил ва дашт иқлимли зоналарда бо-қилади. Организмда Д. тўпланиши хусусияти қурғоқчил зона шароитларига мослашув тарзида пайдо бўлган. Йилнинг қулай келиши ва табиий ўтлоқларнинг серҳосил мавсумларида, ем-хашак кўп бўлган шароитларда қўйлар танасида Д. ва б. ёғлар захирасини тўплайди. Қиш фасли, ноқулай об-ҳаво шароитлари, озуқа тақчиллиги пайдо бўлганда Д. озиқ модда ва сув манбаи тарзида организм эҳтиёжлари учун сарфланади. Сўйилган қўйлар Д.сининг ёғи ўзининг тўйимлилиги, мазаси билан айниқса Эрон, Афғонистон, Ўрта Осиё мамлакатларида қадрланади.

Адабиёт

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
  • Амиров А. К., Мясосалная продуктивност овец, разводимих в Ўзбекистане, Т., 1981.