Дурбек (ХИВ аср охири – Балх – ХВ аср боши) – Темурийлар даврида яшага туркий шоир.

Дурбек
Таваллуди ХИВ аср охири
Вафоти ХВ аср боши
Балх
Касби Шоир

Ҳаёти

Дурбек ХИВ аср охир ва ХВ аср бошларида яшаб ижод қилган. Унинг „Юсуф ва Зулайҳо“ достонигина етиб келган бўлиб, бу достон 1409-йилда Балх қамали вақтида ёзилган. Баъзи олимларнинг „Юсуф ва Зулайҳо“ достонининг муаллифи Дурбек эмас деган фикрлари бор, лекин бу мулоҳазалар баҳслигича қолган[1].

Достон асосини Шарқда машҳур Юсуф ва Зулайҳо ҳақидаги ривоят ташкил этган. Шарқ адабиётида сайёр сюжетга айланиб кетган бу мавзу ўзига хос услубда қайтадан (ўзбек тилида) баён этилган. Дурбек ўзи яшаган давр манзараларини достон руҳига сингдириб юборган. Асарда Балх шаҳрининг қамал қилиниши, шаҳар халқи бошига тушган оғир фожиалар юксак маҳорат билан тасвирланган. Қамал туфайли юз берган очлик, сувсизлик каби қийинчиликларни шаҳар ташқарисидаги маъмурчиликка қарама-қарши қўйган. Достондаги қаҳрамонлар фаолияти Марказий Осиё шаҳар ва қишлоқларига хос табиат манзаралари, турмуш ҳодисалари, халқ урфодатлари тасвири орқали акс эттирилган. Шоир бош қаҳрамон Юсуфнинг тақдири ва унинг ҳаётга бўлган муносабатини турли вазиятларда тасвирлайди. Юсуфнинг инсоний фазилатлари унинг зеҳни ва заковати одамларга, ўз элига мухаббатида кўзга яққол ташланади. У беҳуда қон тўкмасдан, ақл-идрок билан мамлакатни бошқарувчи одил шоҳ даражасига кўтарилади. Дурбек хотин-қизлар латофати ва заковатини янги жихатлар билан бойитган, Зулайҳо тимсолида садоқатли севги соҳибаси образини ярата олган.

„Юсуф ва Зулайҳо“ достонининг қўлёзма нусхаси Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институтида (инв. № 185), Париж ва Истанбул кутубхоналарида сақланади. Достон илк маротаба тўлиқ ҳолатда 1959-йили Тошкентда нашр этилган ва ўрта мактаб дарсликларига киритилиб, мажмуалардан жой олган[1].

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил

Манбалар

  1. ↑ 1,0 1,1 Ҳамиджон Хомидий; Маҳмуд Ҳасаний. Машриқзамин ҳикмат бўстони. Тошкент: „Шарқ“ нашриётматбаа консерни, 1997-йил — 251-бет. 

Ҳаволалар