Эдил, Итил ёки Волга (татарча: Идел, туркча: İдил, İтил, қозоқча: Еділ, русча: Волга) — Россиянинг Европа қисмида жойлашган дарё.

Волга (Итил)
татарча: Идел
қозоқча: Еділ
русча: Волга
Тавсиф
Узунлиги 3 530
Сув оқими
Қуйилиши Каспий денгизи
Жойлашуви
Давлат

Номининг келиб чиқиши

Антик вақтлардаги ва қадимда „Ра“, ўрта асрларда эса „Итил“ ёки „Эгел“ деб номланган. Славянлар давридаги номланишида „Влга“, „Вилга“ ва „Волго“ деб номланган. Ҳозирги пайтда ушбу дарё „Волга“ деб аталади. Туркий халқлар эса уни қадимдан „Идил“, „Итил“ номлари билан аташади.

Умумий маълумот

Волга — Россиянинг Европа қисмидаги энг йирик ва серсув дарё. Узунлиги 3530 км (сув омборлари қурилишидан олдин 3690 км). Ҳавзасининг майдони 1360 минг км’. Валдай қирларидан бошланиб (228 м баландликдан), Каспий денгизига делта ҳосил қилиб (майдони 19 минг км²) қуйилади. Волгага 200 тача ирмоқ қўшилади. Чап ирмоқлари ўнг ирмоқларига нисбатан кўп ва серсувроқ. В. Верхит. Стерж, Вселуг, Пено, Волго каби бир қанча кўллардан оқиб ўтади. Ўнг ирмоқ — Ока қуйилиш жойидан Волганинг ўрта оқими (то Кама дарёси қуйилишигача) бошланади ва дарёВолга бўйи қирларининг шимолий ва шарқий ён бағирлари бўйлаб оқиб, Жигули тоғларини айланиб ўтади ва Самара ёйи деб аталадиган жуда катта тирсак ҳосил қилади. Волгоград шаҳри яқинида В. дан уз. 520 км бўлган Ахтуба чап тармоғи ажралиб чиқади. В.нинг чап ирмоқларидан Молога, Шексна, Кострома, Унжа, Ветлуга, Кама, Самара, Катта Иргиз ва бошқа; ўнг ирмоқларидан Ока, Сура, Свияга энг йирик ирмоқлардир. Волга асосан қор (йиллик оқимининг қарийб 60%), грунт (30%) ва ёмғир (10%) сувларидан тўйинади. Ёз ва қишда дарё суви жуда камайиб кетади, баъзан ёзда кетма-кет жала ёғганда сув сатҳи кўтарилади. Волганинг юқори ва ўрта қисми ноябр охирида музлаб, апрел ўртасида эрийди, қуйи қисми эса декабр ўртасида музлаб, март ўртасида муздан бўшайди. Қуйилиш еридан Ржевгача (3256 км) мунтазам кема қатнайди. Волганинг сув режимини тартибга солиш, дарёни чуқурлаштириб, кемалар қатновини яхшилаш ва арзон электр энергия олиш мақсадида дарёда ГЕСлар қурилди. Волга дарёси Волга-Болтиқ сув йўли орқали Болтиқ денгизи билан, Шимолий Двина сув системаси ва Оқ денгиз-Болтиқ канали орқали Оқ денгиз билан, кема қатнайдиган Волга-Дон канали орқали Азов ва Қора денгизлари билан, Москва ш. билан Москва номли канал орқали боғланган. Волга соҳилида Твер, Ярославл, Нижний Новгород, Қозон, Уляновск, Самара, Саратов, Волгоград, Астрахон ш.лари жойлашган. Волгада 70 тур балиқ яшайди, булардан 40 тури овланади. Дарёда ёғоч, ёғочсозлик маҳсулотлари, нефт, туз, руда, бинокорлик материаллари, ғалла, мева ва бошқа ташилади. Волга ҳавзасида Волга-Кама, Жигулевск, Астрахон қўриқхоналари. Самарская Лука табиат миллий боғи мавжуд. Антропоген таъсир натижасида Волгада экологик вазият кескин ёмонлашди. В.нинг табиий мажмуасини тиклаш учун илмий изланишлар олиб борилмоқда.

Манбалар