Эдвард Ҳагеруп Гриэг (талаффузи: Григ; 1843.15.6 – Берген – 1907-йил, 9-апрел) -норвег композитори, пианиночи, дирижёр, норвег миллий мусиқа мактаби асосчиси. Лейпсиг консерваториясини тамомлаган (1862). Гриэгнинг ижодий фаолияти Норвегия миллий маданияти юксалиши даврида шаклланган. У Кристиания (ҳоз. Осло ш.)да Мусиқа академиясини (1867) ва Мусиқа жамияти (ҳоз. Филармония, 1871) ни ташкил этган. Пианиночи ва дирижёр сифатида Европа мамлакатларида консерт бериб, миллий композиторлар асарларини тарғиб этган. Гриэг халқ куйларини тўплаб, кўпларини қайта ишлаган („Норвег рақслари“, „25 та халқ рақс ва қўшиғи“ ва б.). Гриэг ижодида Норвегия табиати, халқ ҳаёти лавҳалари нозик дид билан ифодаланган. Кўпчилик асарлари камер жанрларида: фортепиано песалари („Халқ ҳаёти манзаралари“, 10 дафтардан иборат „Лирик песалар“ ва б.), виолончел билан фортепиано, скрипка билан фортепиано (3 та) ва фортепиано учун сонаталар, норвег, дания ва немис шоирлари шеърларига ёзилган романлар ва қўшиқлар (150 тадан зиёд), торли квартет, квинтет ва бошқалар. Энг яхши оркестр асарлари театр билан боғланган (Ибсеннинг „Пер Понт“ песасига 2 та сюита, 1875; Бёрнсоннинг „Сигурд салибчи“ драмасига мусиқа, 1892). Фортепиано ва оркестр учун консерти (1868), „Холберг замонидан“ сюитаси (1885), „Симфоник рақслар“и (1898) машҳур. Швесия ва Лейден мусиқа академиялари (1872, 1883), Париж ва Берлин санъат академиялари (1889, 1897) аъзоси, Кембриж ва Оксфорд университетларининг мусиқа доктори (1893, 1906). Ўзбекистонда фортепиано ва оркестр учун консерти, „Пер Гюнг“ сюитаси ва камер асарлари ижро этилмоқда[1].

Эдвард Гриэг

Григ 1888-йилда
Таваллуди
Берген, Швеция-Норвегия
Вафоти Берген, Норвегия
Касби
  • Бастакор
  • пианиночи
Машҳур ишлари Композиялар рўйхати
Турмуш ўртоғи никоҳ

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил