Эфебия (юнонча — ўсмир) — Юнонистон (Спарта, Афина) да эркин туғилган 18 ёшдан 20 ёшгача бўлган ўсмирларни ҳарбий ва фуқаролик хизматига тайёрлайдиган давлат ташкилоти. Ўқиш казарма шароитида 2 йил давом этган. Биринчи йили эфеблар гимнастика, камондан отишни ўрганганлар, ҳарбий машқлар ўтказишган. Иккинчи йил ҳарбий қўрғонлар қуриш, ҳарбий гарнизонларни қўриқлаш, ҳарбий-денгиз ишларини ўрганиш билан шуғулланишган, халқ сайил ва байрамлари ҳамда йиғилишларида тартиб сақланишини назорат қилишган. Эфебияни тугатганлар тўла ҳуқуқли фуқаро ҳисобланган (яна қаранг Афина тарбияси, Спарта тарбияси).