Elak
Элак — сочилувчан маҳсулотлар ва материаллар (ун, гуруч, оҳак, семент, қум ва бошқалар)ни металл тўр орқали ўтказиб, ҳар хил ҳажмдаги зарраларга ажратиш (элаш) учун мўлжалланган қурилма. Рўзғор, қурилиш ва саноатда ишлатилади. (). Элак кўчма ма’нода ҳам ишлатилади (,,Элнинг оғзига элак тутиб бўладими” каби)[1].
Этимологияси
Элак туркий сўздир, эла – элакдан ўтказ. Унни элади. Бу фе’л қадимги туркий тилдаги ,,пастга туш” ма’носини ифодаловчи –ӓ қўшимчаси билан ҳосил қилинган деб тахмин қилинади, кейинроқ сўз бошланишидаги и унлиси э унлисига алмашган: ил+ӓ= ил эла+ӓ>элӓ. Бу фе’л қадимги туркий тилда элгӓ шаклида мавжуд бўлган[2].
Яратилиши
Элак - қадимги уй-рўзғор буюми. Қадимда, асосан ёғочдан ясалган. Ўзбек халқ маҳаллий усталари ёғочдан ҳар хил ишлаб чиқариш қуроллари, уй-рўзғор буюмлари, транспорт воситалари (арава, кема), синч ва устунлар, ойна-эшиклар, сандиқ ва бешиклар, элак ва чарх, эгар ва ҳоказолар ишлаб чиқарганлар[3]. Ўтмишда мазангларнинг ёғочдан ғалвир, элак, чилдирма ва ҳар хил идишлар ясаш билан шуғулланганларини Ш.И.Иноғомовнинг фикрича, ,,косатарошлар”, Г.П. Снесаревнинг та’кидлашича, ,,товоқтарошлар” деб аташади[4].
Ишлатилиши
Элакка солинган маҳсулотлар элакнинг тебраниши натижасида эланади. Рўзғорда ишлатиладиган элаклар асосан унни элаш учун бўлиб, хамир қоришда ун ичида учрайдиган ҳар хил майда тошчалар, хаслар ажратилади.
Турли шакллари
Элак, асосан, думалоқ гардишли, майда ва йирик кўзли бўлади. Шунга кўра элакнинг турлари қуйидагича ажралади:
- рўзғорда ишлатиладиган майда ко’з элак;
- саноатда ишлатиладиган йирик кўз элак.
Майда кўзлисида ун, йирик кўзлисида (бундай элак ғалвир деб ҳам аталади) гуруч ва бошқалар йирикроқ дон-дунлар, қум, семент ва бошқалар эланади. Қурилиш ва саноатда механик элак ишлатилади, унинг ясси (титрама, тебранма) ва барабансимон (айланувчи) турлари бор. Булар ун, қум, семент ва бошқаларни элашда, кончиликда фойдали қазилмаларни бойитишда (рудаларни элашда), ем ва ёрма тайёрлашларда, озиқ-овқат саноати ва бошқалар тармоқларда ишлатилади.
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |