Elbek
Бу мақола викилаштирилиши керак. |
Элбек (тахаллуси; асл номи Юнусов Машриқ) (1898, Бўстонлиқ тумани Хумсон қишлоғи — 1939.11.2, Магадан) — шоир, тилшунос ва фолклоршунос. 1911-йилда муҳтожлик орқасида Тошкентга кўчиб келиб, қароллик билан шуғулланган. Хизматдан бўш вақтларида „Хоний“ мактаби (1911), сўнг Авлонийнинг „усули савтия“ мактаби (1914)да ўқиган. Айни пайтда босмахонада ишлаб, газета сотиш билан турмуш кечирган. Наримонов номидаги таълим-тарбия техникумида ўқитувчилик қилган (1920-йилдан). Маданий қурилиш илмий текшириш институтида илмий ходим (1931-1934). Ижоди 1917-йилдан бошланган. Дастлабки шеърлари „Эл байроғи“, „Турон“, „Турк сўзи“, „Улуғ Туркистон“ газеталари, шунингдек, „Ўзбек ёш шоирлари“ тўплами (1922)да босилган. Элбек — „Армуғон“, „Ёлқинлар“ (1925), „Сезгилар“ (1927), „Меҳнат куйлари“, „Ғунчалар“, „Чирчиқ бўйларида“ (1935), „Болалар қўшиғи“, „Шеърлар тўплами“ (1936), „Шеърлар“ (1937) сингари шеърий тўпламлар, „Аноргул“ (1926), „Гўзал қиз“ (1927), „Туркистон“ (1928), „Бизники“, „Пахта“, „Ўтмишим“, „Чирчиқ“ (1929), „Батрак колхози“ (1930), „Ўзбекистон“ (1934), „Боғбон“, „Этик“, „Мерган“ (1935) сингари достонлар, „Тозагул“ (1934) шеърий романи, „Қўшчи Турғун“ (1925), „Дадамат“ (1936) ҳикоялар китоби муаллифи. Элбек шеърий ва насрий асарларида ўзбек халқининг яқин тарихидан олинган, шу жумладан, шоирнинг кечмиш-кечирмиши билан боғлиқ воқеалар тасвири муҳим ўринни эгаллайди. У тарихий ўтмишга мурожаат этганида ҳам, замонавий мавзуларда қалам тебратганида ҳам ибратли воқеаларни тасвирлашга, замондошларининг, айниқса, ёш авлоднинг дунёқараши ва ахлоқ-одобини шакллантиришда катта аҳамиятга эга бўлган масалаларни кўтаришга интилган. Элбек шу мақсадда ҳамма учун тушунарли, оммабоп тил ва услубда, масал, ривоят, қўшиқ сингари халқчил жанрларда асарлар ёзишга алоҳида эътибор берган. Абдулла Авлоний ва Ҳамза қатори, Элбек ҳам масал жанрида олиб борган изланишлари билан Гулханийнинг масалнавислик анъаналарини давом эттирган, болаларга бағишланган асарлари билан ўзбек болалар адабиётининг ривожланишига сезиларли ҳисса қўшган, ХХ аср ўзбек адабиётида биринчи бўлиб шеърий роман жанрини бошлаб берган.
Элбек 2-, 4-синф ўқувчилари учун „Ёзув йўллари“ (1 бўлак, 1921), „Ўрнак“, „Бошланғич мактабда она тили“ (1923), „Гўзал ёзғичлар“ (1925) каби ўқув қўлланмалари ва мажмуаларни яратган. Халқ оғзаки ижоди материалларини тўплаш ва ўрганиш мақсадида 1921-1922 йилларда Бўстонлиқ туманига, 1932-йилда эса Оҳангарон ва Чирчиқ туманларига ҳамда Фарғона водийсига экспедиция уюштирган. Элбек илмий сафарлар натижасида тўпланган материаллардан 1-, 3-синфлар учун „Билим“ тўпламида кенг фойдаланган. „Ашулалар тўплами“ (1934—35 йилларда 2-марта нашр этилган), „Лапарлар“ ва „Эртаклар“ (1935) тўпламларини эълон қилган.
Элбек И. А. Крилов, А. С. Пушкин ва Н. А. Некрасовнинг бир неча шеърларини ўзбек тилига таржима қилган. Унинг „Ўзбекча шаклдош сўзлар“ луғати (1934) ўзбек тилидаги дастлабки омонимлар луғатидир.
Элбек 1937-йилда қатағон этилиб, 10 йиллик жазо муддатини ўташ учун Магаданга жўнатилган ва ўша ерда вафот этган. 1957-йил 1-августда оқланган.
Манбалар
- Танланган асарлар, Т., 1999.
Адабиёт
- Юнусов М., Ҳаёт нафаси, Т., 1983; Қобулов Н., Элбек, Т, 1988.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ўзбек адибига оид уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |