Элтариш, Қутлуғ (? 691) - Турк хоқонлиги ҳукмдори (680—691). Бумин хоқоннинг авлоди.

Дастлаб тудун унвони билан Хитойнинг шим.даги туркий қабилаларга раҳбарлик қилган. Асл исми Қутлуғ бўлиб, кейинчалик Э. — давлатни, халқни бирлаштирувчи деган ном олган. У бир муддат Хитойнинг Тан сулоласига (618—907) қарам бўлиб қолган Турк хоқонлигининг 681 йилда қайтадан мустақил давлат бўлишига асосий ҳисса қўшган. Ўрхун битиктошлари ва Хитой йилномаларида Табғач (Хитой)га қарши Э. бошчилигида истиқлол учун олиб борилган ҳаракатлар батафсил баён қилинган. Жумладан, битиктошларда Э. хоқон аёли Элбилга хотун билан бирга давлатни қайтадан барпо этгани таъкидланади. Хитой йилномаларида Гудулу (Қутлуғ) шаклида қайд қилинган Э. хоқон Тан империясига қарши қўзғолон кўтарган туркий қабилаларга бошчилик қилади ва дастлаб Хитойнинг шимолидаги Чуқайқузи ва Қорақум (Хуанхе дарёсининг шим.) мавзеларида қароргоҳ қуриб, фаолият юрита бошлайди. У туркий ашиде қабиласининг бошлиғи Тўнюқуқ (Юанчжен) билан бирлашиб кучаяди ва 682— 687 йиллар орасида Шимолий Хитойнинг Пинчжоу (682), Динчжоу (683), Гуйчжоу (683), Ланчжоу (683), Финчжоу (683), Юйчжоу (683), Шочжоу (684), Шочжоу (686), Дайчжоу (686), Чанпхин (687) Шочжоу (687) вилоятларига жами 11-марта юриш қилади ва йирик ғалабаларга эришади. Э. 687 йилда йирик туркий қабилаўғузларни енгиб, Ўтукан (Мўғулистоннинг шим.ғарбий қисмидаги Хангай тоғларида жойлашган ўрмонли водий)ни хоқонлик марказига айлантиради. Унинг даврида Турк хоқонлиги ўзининг илгариги қудратига эришиб, Олтой, Жанубий Сибир ва Мўғулистонда истиқомат қилувчи туркий қабилалар битта давлатга бирлаштирилади. Бу даврда Турк хоқонлигининг ҳудуди шим.да Саян тоғларидаги водийларни, шарқда Керулен ва Ўнон дарёлари ҳавзаларини, жан.да Хитойнинг шим. вилоятларини ўз ичига олган йирик давлатга айланади.

Адабиётлар

  • Гумилев Л.Н., Древние тюрки, М., 1967;
  • Насимхон Раҳмон, Турк хоқонлиги, Т., 1993.
  • Кляшторнйй С. Г., Савинов Д. Г., Степнйе империи древней Евразии. Санкт-Петербург: Филологический факул'тет СПбГУ, 2005.