Элтон — Каспийбўйи пасттекислигидаги кўл. РФ Волгоград вилоятида, Ғарбий Қозоғистон чегарасига яқин жойда, денгиз сатҳидан 14,7 м пастда жойлашган. Майдони 152 км², уз. қарийб 20 км, энг кенг жойи 15 км. Э.га 7 шўр кичик дарё ва бир неча шўр булоқлар қуйилади. Кўлнинг туби қалин туз ва минерал балчиқ қатламларидан иборат. Э.дан кўплаб ош тузи, минерал тузлар ва шифобахш балчиқ қазиб олинади. Кўл яқинида Элтон шаҳарчаси ва балнеобалчиқ курорти жойлашган.