Turli xil inson emotsiyalari
Турли хил инсон эмоциялари

Эмоция (франс. лотинча — ларзага келтираман, ҳаяжонлантираман) — одам ва ҳайвонларнинг ташқи ва ички қўзғатувчилар таъсирига нисбатан субектив реаксиялари. Э. қониқиш ёки қониқмаслик, қувонч, қўрқув ва бошқалар шаклларда намоён бўлади. Э. ихтисослашган мия тузилмаларининг фаол ҳолатидан иборат бўлиб, одам ва ҳайвонларда бу ҳолатни минимал ёки максималлаштириш (кучайтириш, такрорлаш) истагини пайдо қилади. Э хусусияти зарур эҳтиёж ва уни қониқтириш имконияти билан белгиланади. Эҳтиёжни қониқтириш эҳтимоли кам бўлганида Э. салбий (қўрқув, ғазаб) шаклда намоён бўлади. Аксинча уни қондириш эҳтимоли кутилганига нисбатан юқори бўлганида Э.га ижобий тус (қониқиш, қувонч) беради. Миянинг турли қисмларига электр токи таъсир эттириш орқали дастлаб ҳайвонларда, кейинчалик одамларда салбий ва ижобий Э. пайдо қиладиган нерв марказлари аниқланади. Бу марказлар, асосан, бош мия пўстлоғининг олдинги қисмида, лимбик системаси (узунчоқ мия, оралиқ мия, ўрта миянинг бир қанча тузилмалари мажмуи)да, марказий кулранг моддада ва гипоталамусда жойлашган. Э. ўрганиш, ҳосил бўлган шартли рефлексларни мустаҳкамлаш жараёнида бениҳоя катта аҳамиятга эга. Э. билимларни ўзлаштириш (зеҳн) чегараскни кенгайтиради; хотирани фаоллаштиради, одам ва ҳайвонлар коммуникациясида қўшимча восита (мимика, нутқ ёки товуш интонацияси ва бошқалар) бўлади. Одамда олий ижтимоий эҳтиёжлар асосида пайдо бўлувчи дифференсион ва тургун Э.лар, одатда, ҳиссиёт деб аталади. Ҳиссиётлар ўзининг юзага келиши нуқтаи назаридан одамнинг эҳтиёжлари,қизиқишлари ва интилишлари билан боғлиқ бўлади