Эмулсия [лотинча — соғиб олинган (сут)] — бир-бири билан аралашмайдиган суюқ дисперсион муҳит ва суюқ (баъзан газ) дисперс фазадан иборат система. Ўзаро эмулсия ҳосил қиладиган 2 суюқлик бир-бирида жуда оз эрувчан бўлиши лозим. Масалан, эмулсия ҳосил қилувчи суюқликлардан бири сув, иккинчиси эса сувда оз эрийдиган ёки бутунлай эримайдиган бошқа бир суюқлик (масалан, ёғ, бензол, хлороформ ва ҳоказо) бўлиши мумкин. Сувда оз эрийдиган суюқлик шартли равишда „мой“ („ёг“) деб аталади.

Суюқликларнинг қайси бири дисперс фаза бўлишига қараб эмулсия 2 турга бўлинади. Агар „мой“ томчилари сув ичига тарқалган бўлса (яъни „мой“ дисперс фаза бўлса), бундай эмулсия мойнинг сувдаги эмулсияси дейилади, аксинча, сув томчилари мой ичига тарқалган бўлса, бундай эмулсия сувнинг мойдаги эмулсияси деб аталади.

Эмулсия жумласига суюклик билан газдан ташкил топган дисперс система — кўпикни ҳам киритиш мумкин, чунки кўпиқда дисперсион муҳит газ билан суюқ ҳолатлаги чегара сирт орқали бирлашади. 2 соф суюқликни бир-бири билан аралаштириб, суюлтирилган (консентрацияси 2% дан ортиқ бўлмаган) эмулсия ҳосил қилиш мумкин. Бундай эмулсия бир оз вақт ўтганидан кейин ундаги дисперс фаза томчилари бир-бири билан бирлашиши туфайли 2 қаватга ажралади.

Эмулсия томчиларининг бир-бири билан бирлашиш ҳодисаси коалессенсия деб аталади. Эмулсия олиш учун, биринчидан, эмулсия таркибига кирувчи суюқликларни етарли даражада дисперс ҳолатга ўтказиш ва, иккинчидан, ҳосил бўлган дисперс системани барқарорлаштириш керак. Бунинг учун системага суюқликларнинг сирт таранглигини камайтирадиган, суюқликлар чегарасида мустаҳкам парда ҳосил қилиб, дисперс фаза томчиларининг бир-бири билан бирлашишига йўл қўймайдиган 3-модда — эмулгатор киритиш керак. Эмулсиянинг хоссалари ҳам, тури ҳам фақат 3 нарсага боғлиқ: И) дисперс фаза; 2) дисперсион муҳит ва 3) эмулгаторлар. Бу 3 модда орасидаги миқдорий ва сифат нисбатларининг ўзгариши эмулсия хоссаларини ва унинг турини тубдан ўзгартиради.

Эмулсия хоссалари жиҳатидан 3 синфга бўлинади: суюлтирилган эмулсиялар; консентрланган эмулсиялар; юқори консентрацияли эмулсиялар. Бир типдаги эмулсиянинг иккинчи типдаги эмулсияга ўтиш ҳодисаси эмулсия фазаларининг алмашинуви дейилади. Механик таъсир натижасида ҳам эмулсия фазаларини алмаштириш мумкин. Масалан, қаймоқни қувлаб мой тайёрлашда мойсув типидаги эмулсия сувмой типидаги эмулсияга айланади.

Эмулсия техника ва биологияда, озиқ-овқат саноати ва бошқаларда катта аҳамиятга эга. Эмулсияланиш (эмулсиянинг емирилиш) жараёнлари совун пишириш, нефт таркибидаги сувни йўқотиш, нефт солинадиган идишларни тозалаш, сариёғ ва маргарин ишлаб чиқариш, табиий каучукни қайта ишлаш, керакли суюқликдаги сурков мойлари тайёрлаш ва бошқаларда кенг қўлланади.