Энтобактерин — биологик инсектицид. Кристалл ҳосил қиладиган бактерия асосида олинади. 1 граммида 30 млрд.га яқин яшовчан бактерия спораси ва заҳарли оқсил кристаллари (жуфт спорали тана) бўлган кулрангқўнғир кукун ва паста (1 граммида 20 млрд.га яқин бактерия спораси) ҳолида чиқарилади. Тўлдиргич сифатида кукунланган каолин қўшилади. Э.нинг таъсир доираси кенг. Зараркунандаларнинг 50 турига, жумладан, кўк қурт, ғўза тунлами, карадрина, олма, мева ва карам куяси, беда уруғхўри, одимчилар ва бошқаларга қарши қўлланилганда яхши самара беради. Э. таъсирчанлиги қисман ҳаво ҳароратига боғлиқ. Э. ишлатилганда ва ундан кейинги 2—6 кун давомида кундалик ҳарорат қанча юқори бўлса, самара ҳам шу қадар юқори бўлади. Препарат меъёри ва обҳавога қараб кўпгина қуртлар 2—5 кунда нобуд бўлади. Э. ўсимликларга паст дозадаги кимёвий препаратлар билан қўшиб пуркалади; бунинг учун яхши аралаштирилган сувли суспензия тайёрланади. Препаратнинг сарф меъёри 2,0—2,5 кг/га, фозалон аралаштириб ишлатилганда 0,5 кг/га. Иш суюклиги сарф меъёри 100— 200 л/га. Э. ўсимликлар, одам, иссиққонли ҳайвонлар, асаларилар ва бошқалар фойдали ҳашаротлар учун зарарсиз.