Эпидермис

Эпидермис (юнонча: ἐπί - эпи ва δέρμα - дерма) - ҳайвонларда тери эпителийсининг эктодермадан ҳосил бўладиган сиртқи қавати. Умуртқасизларда бир қават Э., яъни гиподерма чиғаноқ ёки кутикулани ҳосил қилади. Умуртқалиларда Э. базал мембрана устида жойлашган бир неча қават эпителийдан иборат. Базал ҳужайралар устида 5—10 қават пихли ҳужайралар жойлашган. Э.нинг қуйи қавати базал мембрана ҳужайралари билан бирга ўсадиган қаватни ҳосил қилади. Бўлиниб кўпаядиган ўсувчи ҳужайралар ҳисобига Э.нинг доимо ўлиб турадиган сиртқи: донадор (3—4 қават бўлиб жойлашган ҳужайралар), ялтироқ (3—4 қават бўлиб жойлашган ҳужайралар) ва кўп қаватли мугуз қават ҳужайраларга алмашиниб туради. Базал мембрана яқинида жойлашган Э. қавати ҳужайралари силиндрсимон ёки кубсимон бўлади. Сиртқи қаватга яқинлашган сари ҳужайралар яссилашади ва қалинлашиб уваланади. Одамда Э. ҳужайралари 20 суткада тўлиқ алмашинади. Тери функсияси, асосан, Э. ҳужайраларининг тузилиши ва хоссалари билан боғлиқ.

Яна қаранг