Сифатлаш, эпитет — стилистика ва поэтика термини; антик даврдан маълум бадиийтасвирий воситалардан. Нарса ва ҳодисаларга, тушунча ва ҳоказога хос хусусиятларни образли тавсифлаш. Аксарият ҳолларда сифат, шунингдек, равиш, от, сон, феъл воситасида ифодаланади (мас-н., зар дўппи, қутлуғ кун, ҳовлиқиб гапирди каби). С. гапни, иборани шунчаки без*аш воситаси эмас, балки у мазмун билан алоқадор бўлиб, нутқнинг мантиқий, психологик, лингвистик, адабий ва бошқа жиҳатларида намоён бўлади. Предметни унинг бошқа турларидан ажратиб кўрсатувчи ("мурғак шеър" каби) оддий мантиқий таърифдан фарқ қилиб, С. предметнинг ё биронбир хусусиятини ажратиб кўрсатади ("четан арава") ёки истиорали эпитет сифатида унга бошқа бир предметга хос хусусиятни кўчиради ("кумуш қиш", "зумрад баҳор", "учқур от" каби). Халқ оғзаки поэтик ижодида содда ва доимий С.лар кўп қўлланади ("паҳлавон йигит", "чўри қиз", "учар гилам" каби). Шарқ ва, жумладан, ўзбек мумтоз адабиётида ҳам айрим С.лар ("бодомқовоқ", "пистадаҳан", "сарвқомат" каби) кўп такрорланиб, доимо учраши оқибатида қўшма сифатларга — мураккаб С.ларга айланиб кетган ("бодомқовоқ қиз", "сарвқомат жувон" каби). Адабий-тарихий тараққиётнинг ҳар бир босқичига хос С.лар бўлади. С.лар тизимида муайян адабий даврнинг, йўналишнинг, ёзувчининг услуби ўз аксини топади.