Eshakyemi
Эшакеми, уртикария — терига, баъзан шиллиқ қаватларга тошмалар тошиши билан кечадиган касаллик. Организмнинг аллергик реаксияси (қаранг Аллергия), айрим овқатлар (тухум, шоколад, қулупнай, мандарин) ва дорилар (антибиотиклар, сулфаниламид препаратлар, хинин ва бошқалар)га нисбатан сезувчанликнинг ортиши, ҳашаротлар (ари, чаён) чақиши, гул ҳидлаш ёки бирор ўсимлик (қичитқи ўт) тегиб кетиши туфайли вужудга келади. Бир неча соатдан кейин Э. батамом йўқолади, баъзан қайталаниб туради. Э.нинг ботбот қўзийдиган сурункали шакли ойлаб чўзилади; бу, одатда, организмда моддалар алмашинуви ва меъдаичак фаолиятининг бузилиши, жигар, буйрак касалликлари; гижжа касаллиги ва секин кечадиган ўчоқли инфексиялар: муртак бези, буруннинг ёндош бўшлиқлари ва қулоқнинг яллиғланиши (тонзиллит, гайморит, отит) билан боғлиқ. Кишиларнинг иссиқ ёки совуққа нисбатан сезувчанлигининг ортиши ҳам сурункали Э.га сабаб бўлади. Касаллик тўсатдан бошланади: баданга шакли ҳар хил, каттакичик, оч қизғимтир қавариқлар тошиб, қаттиқ қичишади; теридан бўртиб чиқиб туради; улар тезда катталашиб, бир-бирига туташиб кетади; палахсапалахса бўлиб чиққан тошманинг ўртаси оқаради; бемор лоҳасланади, температураси кўтарилади. Баъзан теридаги Э. тошмалари жуда йирик бўлиб (йирик Э. ёки Квинке шиши), бунда юмшоқ танглай, ҳалқум ва ички аъзоларнинг шиллиқ қаватлари ҳам шишиши мумкин. Э.нинг бу шакли оғирроқ кечади. Даво врач кўрсатмасига биноан олиб борилади. Сутўсимлик маҳсулотларидан тайёрланган парҳез таомлар (туз ва қанд миқдори кам) буюрилади; аллергик реаксия берадиган тухум, шоколад, лимон, шунингдек, қази, колбаса, спиртли ичимликлар ва аччиқ овқатлар истеъмол қилмаслик; ичакларнинг нормал юриб туришини таъминлаш лозим. Э.нинг олдини олишда энг асосийси одам ўзига ёқадиган ёки ёқмайдиган овқат ҳамда дориларни ажрата билиши ва ёқмайдиганини истеъмол қилмаслиги зарур. Албатта биринчи белгилардаёқ шифокорга мурожат қилиш керак.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |