Эстакада — транспорт воситалари ва пиёдалар учун мўлжалланган йўллар ер сиртидан маълум баландликда ўтказиладиган иншоот; кўприкштт бир тури. Э. остидан йўл ўтказиш ёки бошқа мақсадларда фойдаланиш мумкин. Э.лардан, асосан, шаҳарлар ва саноат зоналарида фойдаланилади. Э. бир қанча таянч (устун)лар устига ўрнатиладиган тўсинсимон конструксиялардан ташкил топади. Темирбетон, пўлат ва ёғочли хиллари бўлади. Э. остидан кема ўтиши учун имкон берадиган баландликда сув устига ҳам қурилади (мас, портларда, денгиз нефт конларида). Э. саноат корхоналарида икки бинонинг юқори қаватини бир-бирига боғлаш учун, транспортёрлар, қувурлар, кабеллар ва ҳоказо ўтказиш учун ҳам қурилади. Пиёдалар Э.си транспорт йўли стансиясида йўл устидан пиёдалар ўтиши учун мўлжалланади. Бундай Э.лар кўп тарқалган. Йирик шаҳарлар (мас, Берлин, Ню-Ёрк, Токио) да Э. ёрдамида ўтказилган жуда узун ер усти йўллари мавжуд.