Фадак— Шимолий Ҳижоздаги деҳқончилик воҳаси. Мадинадан 2-3 кунлик йўлда, Хайбар яқинида жойлашган. Ҳозирда мавжуд эмас. Фадак аҳолисини яҳудийлар ташкил этиб, улар ғалла ва хурмо етиштириш билан шуғулланганлар. Исломнинг илк даврида воҳа таслим бўлиш ҳақида мусулмонлар билан тузилган битимга кўра шуҳрат қозонган. Битимда Муҳаммад (с.а.в) Фадак ерларидан олинадиган даромад ҳақидаги масалани ечиб берганлар. 627-йилда Муҳаммад (с.а.в) Фадак аҳолиси Хайбарга ҳарбий ёрдам беришини таклиф этганидан хабар топиб, у ерга Али (кв) бошчилигида кичик қўшин юборганлар. Бу юриш оддий чопқун тусида бўлган. Келаси йили, мусулмонлар Хайбарни эгаллагач, Фадак яҳудийлари Муҳаммад (с.а.в) элчилари Мухаййиша ибн Мас’уд ал-Ансорий билан музокара олиб боришган. Бутун мол-мулклари эвазига воҳани ташлаб кетишга рухсат сўрашган. Лекин Муҳаммад (с.а.в) билан тузилган сулҳ битимига кўра, улар Фадакда қолишган, воҳадаги ерларнинг ярми уларнинг хусусий мулки эканлиги эътироф этилган, қолган ярмидан келадиган даромад Муҳаммад (с.а.в) ва у зотнинг хонадонига топшириладиган бўлган. Расулуллоҳ (с.а.в) бу даромадларни жамоат эҳтиёжлари учун (етим-есирлар, сайёҳлар, камбағаллар, жумладан, ҳошимийлар уруғининг энг камбағал қатламини таъминлашга) сарфлашга буйруқ бердилар, шу билан бирга зарурият туғилса уларни ўзларига, оилаларига ва қариндош-уруғларига сарфлаяжакларини билдирдилар. Муҳаммад (с.а.в) вафотларидан сўнг, қизлари Фотима Фадакдан (шу билан бирга Хайбар воҳасидан) олинадиган даромадга эга меросхўр сифатида чиққан. Халифа Абу Бакр (р.а) унга Расулуллоҳ (с.а.в)нинг „Менинг меросхўрларим йўқ ва мендан кейин қоладиган барча нарсалар закот каби хайрли мақсадларга мўлжалланган жамоа мулки (садақа) бўлиб қолади“,-деган ҳадисларини айтиб эътироз билдирган. Гарчи Фотима даъвоси рад этилган бўлса-да, Фадак мақоми ҳақидаги жанжал икки юз йилдан ошиқ давом этган. Шиалар фикрича, Фадак ерлари Расулуллоҳ (с.а.в) хонадонининг меросий хусусий мулкидир. Сиёсий вазиятдан келиб чиқиб, Алавийларнинг даъвоси гоҳ эътироф қилинган, гоҳ олий ҳокимият томонидан рад этилган. Фадак учун узоқ давом этган кураш шундан далолат берадики, илк ислом даврида мулкнинг икки хил шакли — хусусий ва жамоа мулклари ўртасида аниқ фарқ бўлган, мулкдорлар тегишли ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга эдилар.

Адабиётлар

ИСЛОМ ЭНСИКЛОПЕДИЙАСИ"Ўзбекистон миллий энциклопедияси" Давлат илмий нашриёти, 2004