Fan komiteti
Фан комитети, Ўзбекистон Халқ Комиссарлари Кенгаши ҳузуридаги фан комитети – 1930-йилларда Ўзбекистонда фан штаби вазифасини бажарган илмий ташкилот. 1932-йил октябрда Ўзбекистон МИК ҳузурида ташкил этилган. Унинг таркибида геология ва минерал ресурслар гуруҳи ҳамда кабинети, гидрогеология ва муҳандислик геологияси, энергстиклар, агроўрмонмелиорация гуруҳлари, ўсимликлар ресурслари гуруҳи ва кабинети, харитаграфия бўлими ҳамда гуруҳлар қошида тупроқшунослик, гидрология ва бошқа секторлар бўлган. Фан комитети зиммасига зарур лабаратория ва институтлар ташкил этиш ҳамда уларни жиҳозлаш, илмий кадрлар тайёрлаш вазифаси юклатилган. 1934-йил 1-июндан Ўзбекистон ХКС ихтиёрига ўтказилган. 1935-йил Фан комитети тизимида 12 илмий тадқиқот муассасаси, 2 кутубхона ва журнал таҳририяти бўлган. Шу йили таркибида янги бўлим, гуруҳ, лабаратория ва секторлар ташкил этилди. Уларнинг фаолияти халқ хўжалигининг айрим соҳалари учун амалий аҳамиятга эга бўлган илмий масалаларни ҳал этишга қаратилди. Республика ишлаб чиқарувчи кучларни ўрганувчи бўлимнинг ташкил топиши ҳам Фан комитети фаолиятида катта рол ўйнади. 1937-йил Фан комитети таркибида тиббиёт ва физика математика, ижтимоий, техника фанлари бўлимлари тузилди; бўлим сифатида нашриёт ҳам ташкил этилди. Фан комитети фаолиятида кимё, физика, математика, гидроэнергетика, геология, адабиёт ва тил фанлари етакчи илмий йўналишга айланди. Фан комитети муассасалари Ўзбекистон ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, тупроқ ва ер геологияси, ер юзаси ва ер ости сувлари энергетика ресурсларини ўрганиш ва улардан фойдаланиш йўллари, минерал ёқилғи захиралари, нефт қатламлари ва бошқа бўйича илмий тадқиқотлар олиб борди. Ижтимоий фан соҳалари – Ўзбекистон иқтисодиёти, ўзбек тили ва адабиёти, моддий маданият ёдгорликларини ўрганиш ва муҳофаза қилиш бўйича тадқиқотлар авж олди. 1938-йил Фан комитетининг муассасаларида 83 илмий ходим, жумладан, 7 нафар фан доктори ва 5 нафар профессор ишлади. Фан комитетига турли даврларда Отажон Ҳошим, Т. Н. Қори Ниёзий, И. И. Исломов раҳбарлик қилган. Фан комитети негизида 1940-йил январда СССР Фанлар академиясининг Ўзбекистон филиали, 1943-йил ноябрда Ўзбекистон Фанлар академияси ташкил топди.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ўзбекистон ҳақидаги уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |