Фауна (лотинча фауна – ўрмон ва далалар худоси, рим мифологиясида ҳайвонлар подаси ҳомийси) – муайян ҳудудда ёки акваторияда яшовчи ҳайвон турлари мажмуи. Фауна ҳайвонларнинг турли гуруҳидан ташкил топган бўлиб, бирор ҳудуд фаунистик комплексининг тарихий ривожланиши жараёнида вужудга келади. Тундра, тайга, ўрмон, дашт, ярим чўл, чўл, пантропик ва бошқа фаунистик комплекслар бор. Муайян Фаунани ташкил этган фаунистик комплекслар миқдори турлича бўлиши мумкин. Ҳар бир ҳудуднинг ўз автохтонлари ва иммигрантлари бор. Фауна таркибини ўрганиш натижасида ундаги турлар бойлиги аниқланади. Шунга кўра, бутун Ер шари ёки унинг айрим ҳудудлари фаунистиклаштирилади. Фанда фауна турли систематик категориялардаги (масалан, бирор ҳудуддаги қушлар фаунаси, қўнғизлар фаунаси ва ҳоказо), маълум даврга оид (масалан, миоцен даври фаунаси ва бошқалар) ёки маълум геологик қатламга мансуб ҳайвонларни ифодалаш учун „фауна“ терминидан фойдаланилади. Ҳайвонот дунёсининг систематик таркиби тўғрисидаги йирик асарлар ҳам „фауна“ деб аталади (масалан, Ўзбекистон фаунаси ва бошқалар).

Манбалар