Фелетон (франсузча: феуиллетон < феуилле — варақ, варақа) — бадиий публицистик жанр. Ижтимоий ҳаёт масалаларини сатира ва юмор воситаси билан, яъни ижтимоий кулги асосида ёритади ҳамда ижтимоий танқид учун хизмат қилади.

Фелетон деб дастлабки даврда матбуотда берилган ижтимоий-сиёсий, адабий-танқидий мавзудаги қизиқарли ва алоҳида ажратиб кўрсатилган материал ларга айтилган. „Туркистон вилоятининг газети“да босилган айрим адабий мавзудаги материаллар, жумладан, шоир Маҳтумқули ва Огаҳий ҳақидаги мақолалар мазкур рукн остида берилган. Кейинчалик, жамият тараққий этиши билан бу рукнда ижтимоий хаётда учрайдиган нуқсон ва камчиликларни кулги танқиди остига олувчи материаллар чоп этила бошлаган.

Фелетон ҳажвий публицистиканинг алоҳида жанри бўлиб, ижтимоий ҳаётда муҳим ўрин тутади. Мазкур жанрнинг асосий вазифаси жамият ҳаётининг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий-маънавий томонларини қамраб олган ҳолда ўзида акс эттириш, мазкур соҳаларда учрайдиган камчилик, нуқсон, ижтимоий иллатларни фош этиш, бу камчилик ва нуқсонларнинг тугатилишига эришиш, бинобарин, жамият ҳаётининг тараққиётига ижобий таъсир курсатишдан иборат. Фелетоннинг танқидий мақола ва бошқа жанрларга оид материаллардан фарқи — унинг ҳажвий публицистика қонуниятларига асосланиши, яъни ижтимоий кулги, сатира ва юмор воситаларига таянишидадир. Ижтимоий кулгининг хил ва кўринишлари турлича бўлиб, улар орасида киноя, пичинг, ҳазил, енгил кулги кабилар билан бир қаторда заҳархандали кулги, ижтимоий масхаралаш, гротеск (атайлаб бўрттирилган кулги) каби ҳажв воситалари ҳам мавжуд. Фелетонда ижтимоий кулгининг ана шу серқирра усулларидан кенг фойдаланилади.

Фелетон ўз олдига қўйган мақсад ва вазифасига кўра 2 хил — маълум фактга асосланган ва умумий фелетон бўлиши мумкин. Маълум фактга асосланган фелетонда ҳаётдан олинган аниқ фактлар, муайян одамларнинг ижтимоий нуқсонлари, фаолиятларидаги камчиликлари кўрсатилади (Фурқатнинг „Ҳинд найрангбози Ёркентда“, Абдулла Қодирийнинг „Тошкент бойлари“ ва бошқалар). Умумий фелетон эса ҳаётдаги бирор ижтимоий иллат, нуқсон ва муаммолар ҳақида бўлиб, унда мазкур масалалар ҳажвий мушоҳада этилади ва танқид қилинади (Абдулла Қодирийнинг „Калвак маҳзумнинг хотира дафтаридан“, Абдулла Қаҳҳорнинг „Қуюшқон“ ва бошқалар).

Фелетон ёзилиш услуби жиҳатидан ҳикоя фелетон, публицистик фелетон, фелетон шарҳ, фелетон тақриз, фелетонлар туркуми кабиларга бўлинади. Буларнинг ҳар бирида фелетонга хос умумий хусусиятлар билан биргаликда алоҳида тасвирий услуб, ижодий йўналиш мавжуд. Фелетон жанрининг фелетон репортаж, фелетон суҳбат, фелетон кундалик ва бошқа шакллари ҳам бор. Фелетон насрий бўлиши билан бирликда шеърий ҳам бўлиши мумкин. Шеърий фелетон бадиий адабиётнинг муҳим тури бўлган ҳажвий шеърият талабларига жавоб бериши, шунингдек, ўзида публицистик хусусият ҳам касб этиши, хаётда учрайдиган ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлган иллатларни кулги, танқид остига олиши лозим. Масалан, Ғафур Ғуломнинг 1930-йилларда яратилган „Қўлтиқланган калла тўғрисида қофияли ваъз“ ҳажвий шеъри ўзбек хажвий публицистикасида яратилган биринчи шеърий фелетон бўлган.

Ҳажвий публицистиканинг энг мураккаб ва мукаммал асарларидан бири бу фелетонлар туркумидир. Бундай бадиий-публицистик асарлар бир неча фелетонлардан ташкил топади. Фелетонлар туркуми ҳам ижтимоий ҳаётнинг энг муҳим масалаларига, кўзга кўринарли иллат ва нуқсонларини фош этишга бағишланади ва бир ёки бир неча муаллифлар томонидан ёзилиши мумкин. Бундай ҳажвий-публицистик асар фелетончидан ҳаётни чуқур кузатишни, катта ҳажвий публицистик маҳоратни талаб қилади. Маълум бир ҳажвий тип билан боғланган фелетонлар туркуми ҳажвий публицистиканинг энг мураккаб асарларидандир. Бундай фелетонлар туркумига Абдулла Қодирийнинг „Калвак махзумнинг хотира дафтаридан“, „Тошпўлат тажанг нима дейдир?“ каби асарлари мисол бўла олади. Моҳир фелетончи тўқима образлар — Калвак махзум ва Тошпўлат тажанг образлари орқали ўз даврининг ижтимоий иллатларини очиб ташлаган. Ҳажвий публицистиканинг бу ижодий анъанаси ҳозирги ўзбек ҳажвий матбуотида ҳам қўлланиб келмокда.

Фелетон бадиий публицистика жанри бўлганлиги сабабли, унда турли бадиий воситалар, жумладан, бадиий тўқима ҳам иштирок этади. Аммо фелетонда бадиий тўқима адабий асарлардагидан фаркли равишда чекланган кўринишга эга. У фелетоннинг асоси бўлиб хизмат қилаётган факт ва воқеалардан, „қаҳрамон“лар феълатворларининг мантиқидан келиб чиқиши лозим. Фелетонда образ муҳим ўрин туцада, бадиий адабиёт асарларидан фарқли равишда, унда образ публицистик характерга эга бўлади.

Жаҳон матбуоти тарихида фелетон жанри муҳим ўрин тутиб келган. Ўзбекистонда ҳам мазкур жанрнинг тарихи узоқ замонларга бориб тақалади. Ҳали матбуот вужудга келмасдан илгари мазкур жанрнинг функсияларини ёзма ҳажвий адабиёт бажариб келганлиги маълум. Алишер Навоийнинг ҳаётдаги ижтимоий адолацизлик, зулм-залолат ва бошқа иллатларга қарши қаратилган асарларини бу жанрнинг ўша даврдаги кўринишлари, дейиш мумкин. Кейинги даврларда ижод қилган Турди Фароғий, Махмур, Муқимий, Завқий ва бошқаларнинг ўз давридаги муҳим ижтимоий иллатларни фош этган ҳажвларини мазкур жанрнинг ёрқин намуналари, дейиш мумкин. Ўзбекистонда дастлабки матбуот нашрлари пайдо бўлиши билан фелетон жанри матбуот жанри сифатида иш кўра бошлади ва тез суратлар билан тараққий этди. Айниқса, ХХ асрнинг бошларида майдонга келган жадид матбуоти саҳифаларидан фелетон жанри кенг ўрин олди ва ривожланди. Мазкур жанрнинг вужудга келиши ва тараққий этишида Ҳамза, Тавалло, Чўлпон ва бошқа катта хизмат қилдилар. Абдулла Қодирий 1920-йилларнинг моҳир фелетончиси сифатида самарали ижод қилди. Ўзбек ҳажви усталари Абдулла Қаҳҳор, Ғафур Ғулом ҳам мазкур жанрнинг ривожига салмоқли ҳисса қўшдилар.

Ўзбекистонда 1990-йиллардан публицистиканинг бошқа жанрлари қаторида фелетон жанри ҳам кенг ривожланди, унинг бир қатор янги турлари, жумладан, радиофелетон, телефелетонлар вужудга келди.

Мухтор Худойқулов.

Манбалар