Фитофтороз, қизғиш чириш — ўсимликларда фитофтора (Пҳйтопҳтора) туркумига мансуб замбуруглар қўзғатадиган касалликлар. Картошка, помидор, пиёз, ситрус экинлари, олма ва бошқаларда учрайди. Картошка Ф.ида (қўзғатувчиси — П.инфестанс) баргларда йирик доғлар, нам обҳавода баргларнинг орқа томонида оқ ғубор пайдо бўлади, туганагида дастлаб қора доғлар кўринади, сўнгра улар қўнғир ранг олиб, чирийди ва қаттиклашиб қолади. Зарарланган туганаклар картошкани сақлаш жараёнида яна бошқа касалликлар билан зарарланади.

Кураш чоралари: касалликка чидамли навларни экиш, соғлом уруғлик тайёрлаш, фосфор-калий ўғитларини юқори дозаларда қўллаш, фунгицидлар пуркаш, кавлашдан олдин ўсимлик палакларини ўриб олиш. Помидор Ф.ида ҳам (қўзғатувчиси — П.инфестанс) баргларнинг орқа томонида оқ ғуборли, поясида ғуборсиз чўзиқ қўнғир доғлар, мевасида қўнғир чириш пайдо бўлади. Олма Ф.и (қўзғатувчиси — П.омнивора), асосан, дарахтнинг илдиз бўғзини зарарлайди, дарахт пўстлоғи кўкбинафша тус олади ва ёрилиб кетади.

Кураш чоралари: тўкилган мевалар йиғиштириб олинади ва йўқ қилинади. Ёрилган пўстлоқ тозаланиб дезинфексия қилинади, зарарланган жойлари куйдирилади.