Луб, флоэма — ўсимликларнинг поя ва илдизларида камбий билан перицикл орасида жойлашган (ўтказувчи, яъни тўрсимон найча ва луб паренхима толаларидан иборат) тўқималар комплекси. Л.нинг асосий функсияси — ҳосил қилинган органик моддаларни тана бўйлаб тарқатиш. Л., кўпинча, захира озиқ моддаларнинг тўпланиш жойи бўлиб ҳам хизмат қилади. Л.нинг асосий анатомик элемента — тўрсимон найчаларда моддалар ҳаракатланади.

Бундай найчалар ҳужайралари тирик бўлиб, уларда моддалар алмашинуви рўй беради. Ҳужай-ралар орасидаги тўсиқларда ҳужайраларни бир-бири билан боғлаб турадиган элаксимон пластинкалар мавжуд. Л.нинг паренхима ҳужайраларида захира ва чиқинди моддалар (крахмал, оқсил, ошловчи моддалар, каучук, алкалоидлар, эфир мойлари ва бошқа, шунингдек, минерал тузлар) қатлами ҳосил бўлади. Л. толалари қалин пусти чўзиқ ҳужайралардан иборат бўлиб, механик функсияни бажаради. Улар одатда, луб толалари деб аталади. Бирламчи ваиккиламчи Л. ажратилади. Бирламчи Л., одатда, тўрсимон ва луб паренхимасидан иборат бўлиб, бошланғич тузувчи тўқима — прокамбийдан вужудга келади. Бирламчи Л., асосан, қирққулоклар, плаунлар, қирқ-бўғимлар, ёпиқ уруғлилардан бирпаллалиларда бўлади. Иккиламчи Л. кўпроқ очиқ уруғли ва икки уруғпаллали ўсимликларда, бирламчи Л.га қўшимча ҳолда вужудга келади. Кўп дарахтларда Л.нинг эски қисмлари ёш қисмларидан ажралиб қолиб, аста-секин дарахт пўстлоғига айланади ва вақт ўтиши билан нобуд бўлади.

Баъзи ўсимликларда Л. тўқимаси жуда ривожланган бўлиб, қўшни туқималардан осонгина ажралади. Ундан пишиқ тола олса бўлади. Каноп, жут, зиғир, наша ва бошқа толали ўсимликларнинг пўстлоқ қисмида узун Л. толалари жойлашган. Толаларни ажратиб олиш учун ўсимликларнинг пўстлоғи (мас, каноп ўсимлиги пўстлоғи) поядан машиналар ёрдамида шилиб олиниб қуритилади ва Л. заводларига топширилади. У ерда махсус технология бўйича ишланиб, толалар ажратиб олинади.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил