Фазенда до Пинҳал штаб-квартирасининг фотограмметрияси, Сан-Карлос-СП, Бразилия

Фотограмметрия (фото... грамма ва метрия) — обектларнинг шакли, ўлчами ва ўрнини уларнинг фотосуратлардаги тасвиридан аниклаш билан шуғулланувчи илмий-техникавий фан. Объектларнинг фотосуратлари бевосита махсус фотоаппаратларда, радиолокацион, телевизион, инфрақизилиссиқлик, лазер, электрон ва бошқа оптик тизимлар ёрдамида олинади. Фотограмметрияда обектнинг якка ёки бир-бирини маълум даражада қоплаб турадиган қўш суратлар (стереожуфтлар)дан фойдаланилади. фотограмметриянинг обектларни қўш суратлар бўйича ўрганадиган бўлими стереофотограмметрия деб аталади.

Олинган фотосуратлар аналитик усулда ўрганилади (таҳлил қилинади). Бу усулдан ташқари, фотограмметрик асбоблар (фототрансформаторлар, стереограф, стереопроектор ва бошқалар)дан фойдаланишга асосланган аналогия усуллари ҳам қўлланади. Фотограмметрия усулларида тинч турган ва ҳаракатдаги обектларни ўрганиш мумкин. Объектни бевосита ўрганишнинг имкони бўлмаган (мас, учиб кетаётган самолёт ёки отилган снарядни ўрганиш), ё бўлмаса, обект жойлашган зонада инсоннинг бевосита бўлиши хавфли бўлган ҳолларда (мас, отилаётган вулкан, ядро портлаши ва бошқалар)да фотограмметрия усуллари қўл келади. Фотограмметрия Ер, сайёралар, Ой хариталарини тузишда, муҳандислик иншоотларини лойиҳалашда, геодезия, ҳарбий иш, космик тадқиқотлар ва бошқаларда кенг қўлланади.