Fuqaro mudofaasi

Фуқаро мудофааси - аҳолини душманнинг эҳтимол тутилган ҳаво ҳужумидан ҳимоя қилиш ва халқ хўжалигининг барқарор ишлаб туришини таъминлаш учун ўтказиладиган умумдавлат тадбирлари тизими. ХХ-асрнинг 50—60-йилларида йирик давлатларда ташкил этилган. Фуқаро мудофаасининг махсус бошқарув органлари, қўшинлари, ҳарбийлаштирилган ва ҳарбийлаштирилмаган қисмлари (бу қисмлар меҳнатга яроқли аҳоли ҳисобидан тузилади) бўлган. Ўзбекистон Республикаси ҳукумати 1991-йилда Туркистон ҳарбий округи Фуқаро мудофааси штаби ва унинг жойлардаги бўлинмалари бўлмиш илгариги Фуқаро мудофааси тизимини қайта кўриб чиқиб, уни фуқаро муҳофазаси тизимига айлантирди. Ушбу тизимдан ҳарбий ва милитаризация йўналиши чиқариб ташланди. Айни пайтда унинг инсон хавфсизлигини таъминлаш, ҳаёти ва соғлиғига тахдиднинг олдини олиш борасидаги вазифалари кенгайтирилди. Бу тизим Мудофаа ишлари бўйича вазирлик таркибига Фуқаро мудофааси ва фавқулодда вазиятлар бошқармаси сифатида киритидди. Президент И. А. Каримов сўзларига кўра, Фуқаро мудофааси биринчидан, фақат хабардор қилиш билан шуғулланиб қолмай, балки илмий маълумотлардан, тарихий тажрибалардан, гидрометеомарказ ахборотларидан, Ўзбекистон ҳудудининг геологик ўзига хос томонларидан фойдаланган ҳолда фавқулодда вазиятларни башорат қила олишлари, одамлар хавфсизлигини таъминлаш ва обект лар барқарорлигини ошириш борасида тавсиялар беришлари даркор. Иккинчидан Фуқаро мудофааси ташкилотларининг кўрсатмалари барча вазирликлар, бошқармалар, маҳаллий ҳокимият тизимлари, фуқаролар томонидан бекаму кўст бажарилиши лозим. Учинчидан, Фуқаро мудофааси тизимлари фақат кўрсатмалар бериш билан чегараланиб қолмай, балки ҳарбийлар сифатида раҳбарларни, фуқароларни таклиф этилган муҳандисликтехник ва профилактик тадбирларни бажаришга мажбур этишлари ва ушбу ишларни ташкил этишлари лозим.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1996-йил 4-мартдаги фармонига биноан, аҳолини ва халқ хўжалиги обектларини табиий офатлардан муҳофаза қилишнинг самарали тизимини ташкил этиш, республикада табиий ва техноген тусдаги фавқулодса вазиятларни олдини олиш ва оқибатларини бартараф этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа ишлари вазирлигининг Фуқаро мудофааси ва фавқулодда вазиятлар бошқармаси негизида Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ташкил қилинган.
Ислом Иноятов.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |