Гемонхоз — қўй, эчки, қорамол, туя ва б. кавш қайтарувчи ҳайвонлар ширдонида Ҳаэмончус туркумига мансуб нематодалар қўзғатадиган гелминтоз касаллик. 6 ойлик қўзиларда баҳор ва ёз фаслларида, бир ёшли қўйларда эса қиш охири ва эрта баҳорда учрайди. Касаллик қўзғатувчи нематода (гемонхус) ширдонда, ингичка ичакларда паразитлик қилиб, тухум қўяди. Тезак аралаш ташқарига тушган тухумлардан бир суткада личинкалар чиқади, 4—5 суткада инвазион (юқадиган) ҳолатга келади. Ҳайвонлар сув ёки ўт билан личинкаларни ютиб, Г. билан касалланади. Касалланган ҳайвоннинг иштаҳаси йўқолади, ичи кетади, ориқлайди. Личинкалар ширдонга тушиб, пўст ташлайди, шиллиқ пардага ёпишиб ривожланади, етук эркак ва урғочи гемонхусларга айланади. Гемонхуслар ҳайвон организмида бир йилча яшаб, сўнгра паразитлик қобилиятини йўқотади, тезак билан ташқарига чиқариб ташланади. Давоси: Г. билан касалланган ҳайвонлар фенотиазин, фен-бендазол, нилверм, нафтамон, морантел-тартрат билан даволанади. Олдини олиш: катта ёшдаги қўй ва эчкилар баҳорда ва ёз охирида дегелминтизацияланади, фенотиазинтуз аралашмаси ичирилади; яйловлар ўзгартирилади.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил