Геофизика — Ер шарининг умумий физик хоссаларини, унинг қаттиқ, суюқ ва ҳаво қатламларидаги жараёнларни ўрганадиган фанлар мажмуи. Учта катта бўлим: Ер физикаси, гидрофизика ва атмосфера физикасидан иборат. Геофизиканинг хусусий усуллари хилма-хил бўлиб, улар қаттиқ, суюқ ва ҳаво қатламларининг хусусиятларини ўрганиш билан бир-биридан фарқ қилади.

Геофизиканинг бевосита Ерни ўрганиш билан шуғулланадиган қисми амалий ва умумий бўлимлардан иборат. Амалий Геофизикага электр разведка, сейсмик разведка, гравиметрик разведка, магнитразведка, радиометрия усуллари киради; улар фойдали қазилма конларини қидиришга каратилган. Умумий Геофизика эса Ернинг ички, устки қатламларидаги физик майдонлар ва жараёнларни ўрганади.

Умуман Геофизиканинг айрим соҳалари билан илмий нуқтаи назардан шуғулланиш ХВИ аср охирларидан бошланган. ХИХ аср ўрталарида Геофизика мустақил фанга айланди, ХХ аср 40—60 йилларига келиб изчил система сифатида шаклланди. Ўзбекистонда Геофизиканинг вужудга келиши 1867-1870 йилларда Тошкентда физик расадхона очилиши билан бошланди. Геомагнит ўлчашлар 1871-йилдан маршрутлар бўйлаб ўтказилган, 1877-йилдан эса мунтазам равишда расадхонада олиб борилган. 1901-йилда Тошкентда Ўрта Осиёда биринчи сейсмик стансия очилди, 1928-йилда магнит расадхона ташкил этилди. 1930 - 1940 йилларда Ўзбекистон барча ҳудудларининг магнитометрик ва гравиметрик хариталари тузилди.

Атмосфера физикаси соҳасидаги дастлабки муҳим натижалар ХИХ аср охири — ХХ аср бошларида олинди. Биринчи марта атмосфера сиркуляцияси, сиклонларнинг тараққий этиш назариялари ишлаб чиқилди. ХХ аср 40-йиллари ўрталаридан бошлаб Геофизикага дойр ишлар комплекс ривожлана бошлади. Газ ва нефт чиқиши эҳтимоли бор жойлар ўрганилди (Ю. Н. Годин, Б. П. Лебедев, И. И. Крейнес, М. В. Мухин ва б.). Рудага бой жойларнинг ўрганилиши натижасида Бухоро — Хива ҳудудида, Фарғона ва Сурхондарё водийларида қимматбаҳо қазилма бойлик конлари аниқланди. 40-йиллар охиридан бошлаб чуқур сейсмик зондлашнинг нуқта усулини қўллаб изланишлар ўтказилди. 50-йиллар охирида узлуксиз профиллаш тартибидаги чуқур сейсмик зондлаш усули ишлаб чиқилди ва Ўрта Осиёнинг кўп қисмида шу усулдан кенг фойдаланилди. 50-60-йиллар ўрталарида нефт ва газ конларини излаш билан бирга чуқур пармалаш лойиҳалари тайёрланди (Б. Б. ТалВирский, И. С. Волвовский, А. М. Колпаков, Т. Л. Бобожонов, В. В. Рубо ва бошқа).

Кибернетика фанининг тараққий этиши, Ер сунъий йўлдошларининг учирилиши Геофизика фанининг жадал ривожланишига сабаб бўлди. Геофизик тадқиқотлар геофизик ҳодисаларни бевосита кузатишлар натижаларига асосланиб, махсус асбоб ва усуллардан фойдаланиб бажарилади. Бундай ишлар гидрометеорология стансия тармоқлари, Геофизика расадхоналари, магнит расадхона, Ер сунъий йўлдошларини кузатиш пунктлари, сейсмик стансиялар ва б.да олиб борилади.

60-йиллардан бошлаб Геофизиканинг сейсмологик, палеомагнетизм ва бошқа усуллари қўлланиб, Ўзбекистонни сейсмик хавфлилик жиҳатидан раёнлаштириш, Ер пўсти қатламларини геологик ёшини аниқлаш ишлари олиб борилди. Натижада геологик, тектоник ва бошқа маълумотларни ҳам таҳлил қилиб, Ўзбекистоннинг сейсмик раёнлаштирилган хариталари (1966, 1978) тузилди. Мазкур хариталардан қурилиш ишларида муҳим аҳамиятга эга бўлган меъёрий ҳужжат сифатида фойдаланиб келинмоқда.

1966 йил 26 апрелда юз берган Тошкент зилзиласидан сўнг Геофизиканинг айрим усуллари Ўзбекистонда кенг миқёсда қўлланила бошлади. Жумладан, Тошкент, Фарғона, Қизилқум геодинамик полигонлари ташкил қилиниб, бу жойларда сейсмологик, магнитометрик, электрометрик, гравиметрик усуллар билан зилзилаларни олдиндан билиш (прогноз қилиш) муаммоси бўйича изланишлар олиб борилди. Ер пўстидан тарқаладиган электромагнит импулслар ва атмосферадаги ионосфера ток қатламларининг ҳолатини ўрганиш каби усуллар ҳам олдиндан билиш муаммосини ечиш йўлида қўлланила бошлади. Ушбу сўнгги икки усул зилзилаларни олдиндан билиш мақсадида дастлаб Ўзбекистонда қўлланди. Геофизикада бу йўналишда муҳим илмий-амалий аҳамиятга эга бўлган янги натижалар олинди. Жумладан, Ер магнит майдонида кузатилган ўзгаришлар орқали 1978 йил 2 ноябрдаги Олай, 1982-йил 6-майдаги Чимён, электромагнит импулс ларининг ўзгариши бўйича эса 1976-йил 17-майдаги Газли, сейсмик усул ёрдамида 1984-йил 18-февралдаги Поп зилзилаларининг вақти, жойи ва кучи башорат қилинди. Бу натижалар шу соҳада дунё миқёсида биринчи маротаба олинган илмий-амалий ютуқлар бўлди (Ф. О. Мавлонов, В. И. Уломов, Қ. Н. Абдуллабеков, С. С. Ҳусамиддинов, С. Х. Максудов ва б.). Геофизиканинг сейсмологик, электрометрик, геологик, гидрогеологик усулларнинг мажмуи асосида 1966— 1998 йилларда Тошкент, Андижон, Фарғона, Наманган, Самарқанд каби 20 дан ортиқ шаҳар, йирик саноат қурилиш объектлари учун микрораёнлаштириш хариталари яратилди ва халқ хўжалигига қўллаш учун жорий этилди.

1970-йилдан бошлаб Ер пўсти ва юқори мантиясини урганишда чуқур сейсмик зоналаш, сейсмология, гравиметрик разведка, электр разведка, магнит разведка усулларидан фойдаланилди (Е. М. Бутовская, Ф. Х. Зуннунов, В. А. Пак, Т. Е. Эргашев ва б.). Зилзилалар, портлаш вужудга келтирадиган тўлқинларни ялпи қайд қилиш усули билан Помир — Ҳимолай халқаро лойиҳаси бўйича Италия, Ҳиндистон, Покистон олимлари билан ҳамкорликда илмий тадқиқотлар ишлари олиб борилди (И. Ҳ. Ҳамробоев, Е. М. Бутовская, Т. Л. Бобожонов).

Ер пўстининг ҳар хил чуқурликларида рўй берадиган физик, механик жараёнларнинг табиати мураккаб эканлиги экспериментал Геофизикани ташкил қилиш ва ривожлантиришга сабаб бўлди. Хусусан. тоғ жинслари намуналарининг магнит, электр, тўлқин ўтказиш ва б. физик хусусиятлари лабаратория шароитида ҳар хил босим ва температура таъсирида ўрганилди (М. Х. Боқиев, С. Х. Мақсудов ва бошқа). Олинган натижалар кучли зилзилалар табиатини аниқлаш, уларнинг тайёрланиш жараёни назариясини яратиш ва зилзилаларнинг магнит, электр, электромагнит майдонларда пайдо бўлган даракчиларини таҳлил қилишда фойдаланилди.

Ўзбекистонда Геофизикага доир илмий тадқиқотлар ишлари Ўзбекистон Геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Гидрометеорология бош бошқармаси, Геодезия, харитаграфия ва кадастрлар бошқармаси, „Ўзбекнефтегаз“ холдинг корлорацияси, Ўзбекистон ФА Геология ва геофизика ва Сейсмология институтлари, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети, Беруний номидаги Тошкент давлат техника университетида олиб борилади.

Адабиётлар