Географик муҳит — табиатиинг инсоният жамияти мавжуд бўлган, одамнинг бутун ҳаёти ва и. ч. фаолияти рўй берадиган қисми. Инсон ўзига керак бўлган барча нарса — сув, ҳаво, озиқ-овқат, турар жой ва қурилишлар учун зарур бўлган материаллар, бутун саноат учун хом ашёларни географик муҳитдан олади. Жамият ривожланиб борган сари географик муҳит доираси ўзгариб, кенгайиб боради. Жамият тараққиётининг дастлабки босқичларида кишилар асосан ҳаёт учун зарур табиий манбалар (ёввойи ўсимлик мевалари ва ҳайвонлар, унумдор тупроқ ва ҳоказо)дан фойдаланган. Кейинчалик ишлаб чиқарувчи кучлар ривожланиши билан табиий бойликлар (металл, ёғоч, иссиқлик манбалари ва ҳоказо) меҳнат воситаларига айланиб, аҳамияти орта боради. Географик муҳит жамият тараққиёти ва фаровонлигининг доимий, зарур шартларидан бири, у меҳнат тақсимотига ва и. ч. тармоқларининг тўғри жойлаштирилишига фаол таъсир кўрсатади. Чунончи, Ўзбекистон иқлими иссиқ ва тупроғи унумдор бўлгани учун ўзбеклар кадимдан пахтачилик ва боғдорчилик билан, қозоқлар эса қулай яйловларга эга бўлганлиги учун чорвачилик ва ғаллакорлик билан шугулланиб келмоқда. Кейинги даврда ер ости бойликларини ўзлаштириш ҳам салмоқли ўрин эгаллади.

Географик муҳит кишиларнинг маданияти, руҳий ҳолати, турмуши, урф-одатларига, кийинишига ҳам таъсир кўрсатади ва буларнинг таркиб топишида катта аҳамият касб этади. Ўз навбатида жамият ҳам географик муҳитга таъсир кўрсатади. Кишиларнинг тобора ўсиб борадиган эҳтиёжларини қондириш учун табиатиинг янги ҳудудлари ва б. табиий бойликлари хўжаликка жалб қилинади. Инсоннинг таъсири оқибатида географик муҳит анча ўзгаради. Масалан, чўлларда воҳалар вужудга келди, даштлар экин далаларига айлантирилди, бир неча ўнлаб сув омборлари қурилди, қуритилган ботқоқликлар ўрнида ўтлоклар пайдо бўлди. Булар маҳаллий иқлимга ҳам таъсир кўрсатади. Чунончи, воҳаларда ҳаво температураси кундузи атрофдаги чўлдан 4—5° паст, тунда эса юқори бўлади. Инсон географик муҳитдаги ҳайвонлар ва ўсимликларга ҳам кучли таъсир кўрсатади. Айрим турлар йўқолади, янги турлар вужудга келади. Қурилган сув омборлари дарёлар оқимини ўзгартириб юборади. Бундай ўзгаришлар техноген (антропоген) ўзгаришлар дейилади. Инсон географик муҳитга ёки унинг бирор элементига таъсир этаётганда унинг келтириб чиқариши мумкин бўлган салбий оқибатларни яхшилаб ўрганиши зарур. Акс ҳолда салбий ўзгаришлар географик муҳитга ҳам, инсонга ҳам катта зарар етказиши мумкин. Географик муҳит инсон фаолияти таъсиридан ташқари табиий жараёнлар таъсирида ҳам ўзгаради. Булар кўпинча даврийлик хусусиятига эга. Инсон буларни чуқур ўрганиши ва ҳаёт фаолиятида доим назарда тутиши керак.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил