Geterozis
Гетерозис (юн. ҳетероисис — ўзгариш, фарқланиш) — дурагай қувватининг намоён бўлиши, яъни дурагайлар кўрсаткичининг ота-онанинг ўртача кўрсаткичлари ёки ота-онадан бирининг яхши кўрсаткичларига нисбатан устун келиш ҳодисаси. "Г." терминини фанга америкалик генетик Г. Шелл киритган (1914). Г. қариндош бўлмаган шаклларни; ҳар хил линия, зот (нав) ва ҳамма турларни ўзаро чатиштиришдан олинган биринчи авлод дурагайлари учун хос. Кейинги авлодларда (дурагайлар ўзаро чатиштирилганда) унинг самараси сусаяди ва йўқолади.
Г. ғўзада вегетатив органларнинг кучли ривожланиш (соматик Г.), уруғ маҳсулдорлиги (репродуктив Г.), шунингдек полимер генлар бошқарадиган миқдорий тартибдаги қимматли хўжалик белгилари бўйича кузатилади.
Г. ижобий ва салбий бўлиши мумкин. Ижобий Г.да биринчи авлод дурагайи — Ф, кўрсаткичлари ота-онанинг ҳар иккисиникидан ҳам устун, салбий Ф, да эса пастроқ бўлади. Турлараро дурагайлашнинг энг яхши комбинацияларида биринчи авлоддаги Г. 50—100% га етади. Тетраплоид турларнинг тур ичидаги дурагайларида Г. сустроқ бўлиб, 30—40%ни ташкил этади.
Маккажўхорининг оддий ва қўш линиялараро дурагайлари умумий дон ҳосилини 20—30% оширишга имкон беради. Г.нинг генетик асоси — ген ичидаги, генлараро ўзаро таъсир муносабатларига асосланган. Г.нинг асосида ётувчи гетерозиготаликнинг аҳамиятини исботловчи далиллардан бири табиий популяциялардаги индивидларнинг кўп сондаги генлар бўйича гетерозиготалигидир. Қ.х.да маккажўхори, помидор, пиёз, бодринг, тарвуз, беда ва б. экинларнинг дурагай уруғларини етиштириш усуллари ишлаб чиқилган. Чорвачиликда Г. ҳодисаси дурагайлаш, зотлараро ва зот ичида чатиштиришда кузатилади ва қишлоқ хўжалиги ҳайвонлари маҳсулдорлигини оширишни таъминлайди.
Шарифжон Тўрабеков.
Адабиётлар
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |