Гидралар (Ҳйдрида) — бўшлиқичлилар типига мансуб умуртқасиз ҳайвонлар туркуми[1]. Кўпинча якка, баъзан вақтинча колония ҳосил қилиб яшайди. Скелети йўқ. Танаси халтага ўхшаш, ичи ковак. Узунлиги 3 см гача. Танасининг остки ясси товонга ўхшаш томони билан сувдаги нарсалар (тошлар, усимликлар, моллюскалар чиғаноғи ва б.)га ёпишиб олади, товони ўртасида торгина тешик бор. Танасининг юқори учида жойлашади оғиз тешиги пайпаслагичлар (4-20 та) билан ўралган. Тана девори ташқи — эктодерма ва ички — эндодермадан иборат. Бу икки қаватни юпқа таянч пластинка (мезоглея) парда ажратиб туради. Эктодермада, айниқса пайпаслагичларда куйдириш хусусиятига эга бўлган жуда кўп отувчи ҳужайралар бўлади. Улар ёрдамида гидралар душмандан ҳимояланади ёки сиклоп ва бошқа майда жониворларни тутиб олади. Гидралар йил фаслларига қараб жинссиз (куртакланиб) ёки жинсий усулда кўпаяди. Улар медуза ҳосил қилмайди. Айрим жинсли ёки гермафродит. Гермафродит гидраларда эркаклик ва урғочилик жинсий безлари танасининг турли қисмларида ҳосил бўлади. Гонадасида фақат битта тухум ҳужайра етилади. Тухум ҳужайра танасида уруғланади. Уруғланган тухум ҳужайра ўз атрофига қалин пуст ишлаб чиқариб систага айланади ва қишлаб қолади. Қишда она гидралар нобуд бўлади. Баҳорда эса зиготадан ёш гидралар ривожланади. Гидраларнинг 10 дан ортиқ тури чучук сувларда яшайди. Чучук сув ҳавзаларида асосан оддий, яъни поячасиз гидра (Ҳйдра вулгарис), поячали, яъни қўнғир гидра (Пелматоҳйдра олигаcтис), қоронғи жойда яшай олмайдиган яшил гидра (Члороҳйдра виридисисима) ва бошқалар учрайди.

Гидралар
Биологик классификация
Олам: Ҳайвонлар
Тип: Бўшлиқичлилар
Оила: Ҳйдридаэ

Манбалар

  1. ↑ Циммер 2022.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил