Гидрофон (гидро… ва фон) — сув остида товуш тебранишлари ва ултратовуш (УТ) сигналларини қабул қиладиган ва уларни электр тебранишларга айлантирадиган қурилма. Сув остидаги сигналларни тутиш ва шовқинларни эшитиш, сув остида масофаларни ўлчаш мақсадларида қўлланади, йўналтирилган гидроакустик антеннанинг бир қисми ҳисобланади. Электродинамик, пезоэлектрик ва магнитостриксион эффектларга асосланган гидрофонлардан кенг фойдаланилади. Гидрофоннинг энг муҳим кўрсаткичи — сезгирлик; унинг сезгир элементлари (ўзаклари) юпқа пластиналардан йиғилади. Гидрофон гидроакустик қурилмалар (гидролокатор, шовқин пеленгаторлари, акустик мина портлатгичлар ва б.)да ишлатилади.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил