Гиламчилик — гилам тўқиш касби, бадиий ҳунармандлик соҳаси. Қадимдан чорвачилик билан шуғулланадиган кўчманчи қабилалар орасида кенг тарқалган. Ўсимлик (пахта, зиғир, жут) толаси, жун (қўй, эчки, туя жуни) дангина тайёрланган. Гилам тўқиш учун қирқилган жунлар ювилиб тозаланади, темир тароқларда таралади, таралган жунлардан ип йигирилади. Иплар турли табиий бўёқлар билан бўялади. Шунинг учун гилам ранглари ўзгармайди ва ўзининг сифатини йўқотмайди. Ҳозир сунъий толалардан ҳам тўқилмоқда. Гиламчилик ер бағирлаб ётиқ (горизонтал) ва тик (вертикал) ўрнатилган дастгоҳларда тўқилади. гиламчилик ривожланган жойларда тўқув дастгоқлари анча мукаммаллаштирилган ва бир неча тўқувчи ёнма-ён ўтириб бирданига тўқийверадиган кенг ўқ (ғалтак)ли хиллари яратилган. Гиламдўз уста нақш мужассамотини ёдаки ёки нусха асосида тўқийди. Тўқилиш усулига кўра патли ва пациз гилам турлари фарқланади.

Қўлда гилам тўқиш Ўрта Осиёда, айниқса Туркманистонда кенг ривожланган. Қўлда гилам тўқиш ниҳоятда сермашаққат иш, тўқувчидан қунт, дид ва маҳорат талаб қилади. Патли гиламларни тўқиш айниқса мураккаб. Қўлда тўқилган гилам пати, нақш мужассамоти асос ипига рангли иплардан тугиб бандлар ҳосил қилиб яратилади, тугун учи матонинг юза томонига чиқариб текис қирқилади, ҳар бир қатордан сўнг арқоқ ипи ўтказиб махсус темир тароққа уриб аввалгисига маҳкамланади. Тайёр гилам махсус кимёвий моддалар ёрдамида ювилади. Гиламлар турли ҳажмларда тайёрланади. ХХ аср 30-йилларидан кейингина пат боғлайдиган махсус дастгоҳи корхоналар пайдо бўлди (жумладан Андижондаги "Меҳнат гули" артели). Шарқ гиламчиликда ишлаб чиқарилган жойи, нақш мужассамоти, сифати (қалинлиги, патининг узунқисқалиги), ранг ечими билан бир-биридан фарқланадиган эрон, турк, туркман ва озарбайжон гиламлари қадимдан машҳур.

Гиламчиликнинг пайдо бўлган вақтини аниқ айтиш қийин, чунки жун чидамсиз бўлиб, қад. гиламлар сақланмаган. Энг қад. гилам мил. ав. ВИ—В асрларга оид бўлиб, Тоғли Олтойдан топилган, абадий музлоқда бўлгани учун яхши сақланган. Олимларнинг тахминига кўра, у Ахоманийлар даври форслари ёки Ўрта Осиё қабилалари орасида тайёрланган (ҳажми 1,8х2 м; нақш мужассамоти: ҳандасий шакллар нилуфар гуллар билан безатилган, кенг ҳошияларида отлиқ чавандозлар, холдор буғулар, грифонлар тасвири бор).

Қад. ва илк ўрта асрлар гиламчиликга оид маълумотлар ёзма манбаларда сақланган. Салжуқийлар даврида гиламлар ("кўня", топилган жой номидан) кўплаб тайёрланган ва Миср, Ҳиндистон, Хитойга чиқарилган.

Ўрта асрларда гиламчилик уч йўналишда — кўчманчи ва ярим кўчманчи чорвадор қабилаларда, ўтроқ (қишлоқ ёки шаҳар) аҳоли орасида, сарой устахоналарида ривожланган. Тадқиқотчилар Эрон, Закавказе, Ўрта Осиё гиламларини алоҳида кўрсатиб ўтганлар.

ХВИ асрдан сарой (эрон) гиламлари яхши сақланган. Бу гиламлар ("Турунж", "Шоҳ Аббос", "Боғ", "Ов" ва бошқалар) амалий санъатнинг нодир намуналаридир. Улар миниатюра усталари — мусаввирларнинг чизгилари асосида тўқилган. Гиламчилик Туркия, Бобурийлар даврида Ҳиндистонда ("Мўғул", "Агра" ва б. гиламлар), Миср, Сурия, Кавказ ортида тараққий этди.

ХВИИИ—ХИХ асрларда Г.Закавказе ва Ўрта Осиёда саройларда эмас, балки халқ орасида кенг тарқалди. Асосий марказлари Казах, Ганжа, Ширвон, Боку, Нахичеван бўлган Закавказе гиламлари ранг-баранг мужассамоти, ижро усули ва бадиий жиҳати билан, Туркманистон гиламлари ("Салор", "Сариқ", "Така ёвмут", "Башир" ва бошқалар) қизил рангининг теранлиги, ҳандасий гуллари ва ўта пишиқлиги билан ажралиб туради.

Ғарбий Европа гиламчиликда ХВИ асрдан фламанд, франсуз, немис шпалерлари алоҳида ўрин тутган. ХВИИ—ХВИИИ асрлардан патли гиламлар (1624-йилда Парижда асос солинган Савонери мануфактурасида) ишлаб чиқарила бошланган, кейинроқ Англия ва Испанияда ҳам патли гиламлар тайёрлаш йўлга қўйилган. ХИХ асрдан гиламлар фабрикаларда ишлаб чиқарила бошлагач, унинг сифати кескин пасайиб кетди. ХХ аср ўрталаридан бадиий ҳунармандликда гиламчиликни қайта тиклашга уринишлар самарали бўлди. Полша, Болгария, Руминия, Югославия патли гиламлари билан бир каторда пациз гиламлар ҳам тайёрлана бошлади.

Гиламчилик Ўрта Осиё, хусусан Ўзбекистон ҳудудида жуда қадимдан ривожланган (Хоразмдаги археологик қазишлар пайтида мил. ав. 1-минг йилликка мансуб гилам намунаси топилган). Гиламчилик билан асосан аёллар шуғулланган, нақш (гул)лар (ислимий, гириҳ, ҳайвон шакллари, турли нарсалар тасвири, уруғ тамғаси ва бошқалар)ни эса хотирада сақлашган. Безакларида йўлбарс ва туя излари, олма гули, узум занги, туя бўйни, қалқон, ўсимликлар ифодаланган, айниқса ҳайвон шохи тасвири кенг тарқалган. Мужассамотининг берклиги, марказий майдоннинг нақшли ҳошия билан ўралганлиги (йўл-йўл нақшлар бундан мустасно) Ўрта Осиё гиламлари учун хос бўлган, нақшининг аниқлиги, гўзал бўлиши ва рангларининг уйғунлиги уларнинг бадиий қимматини оширган. Асосий ранг қизил ранг ва унинг 2-3 туей бўлиб, кўк, қора, оқ, сариқ ранглар иккинчи даражали бўлган. Рангларнинг моҳирона ишлатилиши билан ифодали тасвир ҳосил қилинган. Бир нақш қисмларини турли кўринишларда бўялиши билан ранг-барангликка ва жозибадорликка эришилган.

Андижон, Самарқанд гиламлари, қорақалпоқлар тўқиган ўтов жиҳозлари бадиий жиҳатдан моҳирона ишланган. Андижон гиламларининг пати қисқа, қалин ва майин бўлган. Самарқанднинг рангдор узун патли жулхирс ("айиқ тери") гилами ўзига хослиги билан ажралиб туради.

ХХ асрга келиб гиламчилик ўзига хос тарзда тараққий этди, гиламчилик марказларида гилам тўқиш ривожланди, артеллар тузилиб, уларга халқ усталари жалб қилинди (мас, Андижон вилояти Ойим қишлоғидаги гилам тўқиш артели), уларда бир хил нақшли, юқори сифатли гиламлар, шунингдек, майда рўзғор буюмлари тўқилди. 30-йилларнинг 2-ярмидан мавзули ва тасвирли гилам намуналарини яратишга уринишлар бўлди. Гиламчилик марказларида Кавказ гиламлари, анъанавий туркман гиламлари хилидаги бирмунча соддалаштирилган гиламлар ишлаб чиқарилди, фақат Самарқанд гилами (жулхирс) ўзининг анъанавий услубини, рангдорлигини сақлаб қолди. 40—50-йилларда гиламчилик марказлари (Самарқанд, Китоб, 1946; Хива, Андижон, Термиз, 1947; Шаҳрисабз, 1949; Хўжайли, 1954) ташкил этилди, маҳаллий усталар шогирдлар тайёрлади, қад. анъанавий нақшлар тикланди. Рассом ва ҳунарманд усталар ҳамкорлиги натижасида муваффақиятларга эришилди. Амалий ва маҳобатли санъат анъаналаридан унумли фойдаланилиб, дастлабки янги нусха Хоразм гилами ва унга хос бўлган феруза ранг замин яратилди.

60-йилларнинг охирида майда артеллар бирлаштирилиб янги гиламчилик корхоналари ташкил этилди, моҳир усталар шу корхоналарда меҳнат кила бошлади. Олмалиқ, Самарқанд, Хива, Фориш, Шофиркон ва б. жойлардаги фабрикаларда анъанавий нақш мужассамоти ва бадиий жиҳатдан ижодий бойитилган нафис гиламлар тайёрланмоқда.

Ҳозир гиламчилик Фарғона водийсида, Қашқадарё, Сурхондарё, Сирдарё вилоятлари, Қорақалпоғистонда ривожланган. Шунингдек, Самарқанд, Ургут, Қўқон ва Хоразм ҳам гиламчилик марказларидир. Анъанавий гиламчилик ҳунармандлик тури (уйда тўқиладиган) сифатида ривожланмоқда. Самарқанд ва Бухоронинг ипак гиламлари ҳам кенг тарқалмоқда. Анъанавий гиламчилик ривожига "Ус то" бирлашмаси ва "Ҳунарманд" ассоциацияси муносиб ҳисса қўшмоқда (яна қ. Гиламчилик саноати).

Элмира Гул.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил