Гилза (нем. Ҳиилсе, сўзма-сўз — қобиқ) — 1) артиллерия гилзаси — порох заряди, қўшимча элементлари (аланга сўндиргич ва б.), алангалаш воситаси (капсула) ни жойлаш учун мўлжалланган юпқа деворли металл стакан; 2) милтиқ, пулемёт ва б. қуроллар учун мўлжалланган гилза порох заряди ва ўқ билан бирга патронни ташкил қилади, у ҳам металддан тайёрланади. Ов милтиғи учун мўлжалланган гилза металл ёки картондан ясалади, ичига порох заряди (питра, ўқ ва пиж — латта-путта ёки жун толалари) жойланади; 3) сув билан совитиладиган поршенли иссиқлик двигателлари блоккартерига ўрнатилган силиндрик мослама. Ишқаланиб ишлайдиган сиртларнинг ейилишини камайтириш ва алмаштиришни осонлаштириш учун қўйилади. Двигател поршени силиндр гилзасида ҳаракатланади, шунинг учун гилзанинг ички сирти яхшилаб силлиқланади; ташқи томондан блок-картернинг сув ғилофида айланиб юрадиган сув билан совитиб турилади. Бундай гилза чўяндан ясалади; 4) папирос (сигарета) гилзаси — тамаки жойланадиган қобиқ. У юпқа қоғоз ва қалинроқ қоғоз мундштукдан иборат. Филтрли сигарета гилзаси қоғоз филтр билан тугайди.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил