Голдспур — тез ҳосилга кирадиган олма нави. 1960 йил АҚШда Голден делишес нави клонидан ажратиб олинган. Г. ўз хусусиятларига кўра Голден делишес навига ўхшайди. Ҳосилдор, кўчати экилгандан сўнг 2—3 йили ҳосилга киради. Унумдор тупроқ ва юқори агротехникани талаб қилади. Меваси сентабр бошида узилади. П.П. Шредер номидаги Боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий тадқиқот институтида ўтказилган тадқиқотлар Г. Тошкент воҳаси шароитларида самарадор, истиқболли нав эканлигини тасдиқлади. Г.ни ҳозир Ўзбекистоннинг барча вилоятларида экиш тавсия этилган.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил