Govchi
Говчи (Гаогюй, Гаозюй яъни Говжуй, Қонгқил, Қангқи, Тўлиш, Тўлўс деб ҳам айтилади) — уйғур қабилалар бирлашмасига кирган шарқий тўра (хитойча чиди, теле, дили) нинг хитой манбаларида номланиши. ИВ асрда қизил ди қавмига мансуб шарқий тўралар, баланд (гов) арава (чи) ларда юрганлиги учун, "Говчи" (баланд араваликлар) деб тилга олинади (туркийча "Қонгқил"). Г.лар ди (тўра), уйғур, кўғўрсу, чибни (қебар, чуба), қужия (қутлуғ ғуз), эткин (элтегин, изгил) ва пўвурғур каби 7 қабила бирлашмасидан ташкил топган.
Г.лар асосан чорвачилик ва овчилик билан шуғулланган. Уларда ҳунармандчилик ҳам тараққий қилган бўлиб, металл буюмлари, тери, кигиз ва арақ ачитқилари ишлаб чиқарилар эди. Хусусан, арава ясашда Г.лар моҳир усталар ҳисобланган. Улар аравалардан уй тариқасида фойдаланиб кўчиб юрганлар. Ҳар бир оила бириккита аравага эга бўлган. Г.лар аҳолиси кўп сонли бўлиб, баъзи қабилалар бир неча юз мингдан ошиб кетган. Қабилада қабила оқсоқоли "барлос" деб аталган. Барлослар билан бирга ботир, паҳлавонлар "боғо" ёки "боғодур" деб улуғланган. Г.лар шаман динига эътиқод қилганлиги маълум. Улар момақалдироқни ёмонлик белгиси деб тушунишган ва унга қарата ўқ узишган. Яшин тушган жойдан кўчиб кетишган. Келаси йил ўша жойга қайтиб келиб худойи қилишган. Улар жўр бўлиб ашула айтиб рақсга тушишни яхши кўрганлар. Қиз олганда, қуда томонга қалин учун бериладиган от, қорамолни танлаб олишга йўл қўйилган. Ўлган одамларга қаттиқ йиғлаб аза тутилган. Ўра қазиб жасадни унга ташлаб устидан тупроқ тортмаганлар. Мил. 546-йил Қонгқил хонлиги Турк хоқонлиги томонидан бўйсундирилгандан сўнг Г. атамаси хитой манбаларида бошқа номлар билан атала бошлаган.
ЛЛ.Бичурин Н.Я. (Иакинф), Собрание сведений о народах обитавших в Средней Азии в древние времена, М.— Л., т.1, 1950. Абдухолиқ Айтбоев.
Адабиётлар
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |