Govmijja
Говмижжа, говмичча — қовоқ четидаги ёғ безлари (ташқи Г.) ва киприк тук пиёзчаси (ички Г.)нинг ўткир йирингли яллиғланиши. Ташқи Г.да йирингли шиш қовоқ четига, ички Г.да эса шиллиқ парда томонга қараган бўлади. Безчаларга йиринг пайдо қилувчи микроорганизмлар тушиши, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилмаслик, шунингдек, моддалар алмашинувининг бузилиши, авитаминоз, камқонлик, дармонсизлик, умумий иммунитетнинг пасайиши, қандли диабет, меъда-ичак ва юқори нафас йўлларининг касалликлари, кўз рефраксиясининг аномалиялари, ёш оқиш йўлларининг касалликлари Г. га ёки унинг тез-тез қайталанишига сабаб бўлади.. Касаллик қовоқ четида оғрикли нуқта пайдо бўлиши билан бошланади, сўнгра унинг атрофи қизариб шишади. 2—3 кундан сўнг Г. учи сарғайиб ёрилади ва ундан йиринг чиқади. Г.га қовоқ ва шиллиқ парданинг қизариши ва шишиши қўшилади. Баъзан бир нечта Г. чиқиши, уларнинг бир-бирига қўшилиши ёки қайта-қайта Г. чиқиши кузатилади. Бунда бош оғриб, ҳарорат кўтарилади, қулоқ олди ва жағ ости лимфа безлари катталашади ва оғрийди. Г. чиққанда врачга мурожаат этиш лозим. Уни сиқиш ёки ситиш ярамайди, акс ҳолда инфексия қонга ўтиб кўз косасининг флегмонасига ва менингит, сепсис каби оғир асоратларга сабаб бўлиши мумкин. Г.нинг олдини олдишда озодалик тартибларига қатъий амал қилиш, ифлос, чанг жойларда ишлаганда ҳимоя ойнакларидан фойдаланиш, организмни толиқтирадиган касалликларни ўз вақтида аниқлаб даволатиш лозим. Даволаш учун кўзга антибиотик ва сулфаниламид препаратларининг эритмалари томизилади ёки мазлари қўйилади. Йиринг кетгандан сўнг қуруқ иссиқ ва УВCҲ буюрилади.
Адабиётлар
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |