График усуллар, ишлаб чиқаришни бошқаришдаги график усуллар — биронбир ташкилий ёки бошқарув ишларини шартли тасвирлаш усуллари. Дастлаб, ХХ аср бошларида АҚСҲ муҳандислари Ф. У. Тейлор ва график усуллар Гантлар и. ч.ни бошқаришни ташкил этиш усулларидан бири сифатида қўллаганлар. Г. у. ёрдамида бошкариш жараёнларини моделлаш масалалари ҳал қилинади, турли омиллар ўртасидаги ўзаро боғлиқлик, ҳисоб кўрсаткичлари аниқланади, хўжалик амаллари назорат қилинади, гуруҳларга ажратилади. И. ч.ни бошқаришда тасвирий-ахборот (безак-информацион) оператив, аналитик ва ҳисоб графиклари ишлатилади. Тасвирий-ахборот аниқ белгиланган, олдиндан текширилган, бошқарилувчи жараёнларнинг ҳақиқий ҳолатини акс эттирувчи маълумотлардан тузилади; оператив графиклар вазифаларни тез суърат билан ҳал қилишда қўлланади; аналитик графиклар мантиқий ва математик қайта ишланган маълумотлардан тузилади; ҳисоб графиклар (мас, номограммалар) ўзгарувчан кўпдан-кўп қийматларга боғлиқ бўлган функсияни ҳосил қилишга имкон берадиган ахборотлар бўлади. Г. у.да схема, диаграмма, жадваллар ва б. чизма воситалардан фойдаланилади. ЭҲМ ва компютерлар пайдо бўлгандан сўнг Г. у. вазифалари шулар зиммасига юкланмоқда. Лекин Г. у. ҳали ҳам ўз нуфузини йўқотгани йўқ.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил