Ҳалқум — оғиз бўшлиғини қизилўнгач билан туташтирувчи меъда-ичак йўлининг олдинги қисми бўлиб, шакли эгри найсимон шаклда. Орқа юзасига қараб яссиланган, пастки қисмига қараб торайган бўлади. Ютиниш вазифасини бажаради ва нафас олишда иштирок этади. Ҳалқум деворларидан ўпка, шунингдек, айрисимон, қалқонсимон без, қалқон олди безлари ривожланади. Ҳалқумнинг узунлиги 12-14 см. Ҳалқум бурун ва оғиз бўшлиғининг давоми бўлиб, пастдан ҳиқилдоқ ва евстахий найлари орқали ўрта қулоқдаги ноғора бўшлиғи билан туташади. Ҳалқумнинг олд девори деярли бўлмайди. Ҳалқумдан олдин бурун, оғиз бўшлиғи ва ҳиқилдоқ жойлашади. Шунинг учун ҳалқумнинг юқориги — бурун ёки бурун-ҳалқум қисми, ўрта — огиз қисми ва пастки — ҳиқилдоқ қисмлари ажратилади. Бурун-ҳалқум қисми бурун ва ўрта қулоқ бўшлиғи билан, оғиз қисми томоқ тешиги орқали оғиз бўшлиғи билан, ҳиқилдоқ қисми эса ҳиқилдоқ билан туташади. Ҳалқумнинг ҳиқилдоқ қисми ҳиқилдоқнинг орқа томонида жойлашган, унинг олдинги ва орқа деворлари фақат овқат ёки суюқликни ютиш пайтида бир-биридан узоқлашади, бошқа вақтда эса бир-бирига тегиб туради. Ҳалқум орқа деворининг юқори қисмида, ўрта чизиқ бўйлаб лимфа тўқимасидан тузилган ҳалқум муртаги жойлашган. Бурун-ҳалқум қисмининг ҳаракациз ён деворларидан ўрта қулоққа олиб борувчи эшитув найи бошланади. Шу жойда эшитув найи тешиги билан юмшоқ танглай чодири оралиғининг ўнг ва чап томонида лимфа тўқимасидан тузилган най муртаги бор. Ҳалқум муртаги, 2 та най муртак, 2 та танглай ва тил муртаклар биргаликда ҳалқумнинг кириш қисмини ҳалқага ўхшаб ўрайди. Ҳалқум деворининг хусусий пластинкаси сийрак бириктирувчи тўқимадан иборат бўлиб, жуда кўп эластик толалар тутади. Бу пластинка калла суягининг ташқи асосига туташади, шу сабабли, ҳалқум бурун қисмининг орқа ва ён деворлари бир-бирига яқинлаша олмайди ва ҳаво бурундан бевосита ҳалқумнинг бурун қисми орқали ҳиқилдоққа ўтади[1].

Манбалар

  1. ↑ Файл:Натионал Энcйcлопедиа оф Узбекистан лого.пнг „Ҳалқум“, Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (Ҳ-ҳарфи). Тошкент: „Ўзбекистон миллий энсиклопедияси“ Давлат илмий нашриёти, 2000–2006-йиллар.