Hanafiylik
Ҳанафийлик – диний-ҳуқуқ мазҳабларидан бири. Абу Ҳанифа Ну’мон ибн Собит (қ. Имоми Аъзам) асос солган. Ҳанафийлик қоидалари Абу Юсуф Ёқуб (795-йил), Муҳаммад аш-Шайбоний (804-йил), Қудурий (1036-йил) ва бошқа асарларида ишлаб чиқилган. Бу мазҳаб тарафдорлари фиқҳнинг 4 асосий манбаини эътироф этиш билан бирга бошқа мазҳаблар вакилларига нисбатан фиқҳ талабларига риоя этишнинг қиёс ва ижтиҳод усулларидан кенгроқ фойдаланади. Бу мазҳабнинг асосий хусусиятлари қуйидагилардан иборат: Қур’они каримдан ҳукм олишда оятларнинг носих ва мансухларини обдон аниқлаб олиш; ҳадиси шарифлардан ҳуқуққа доирларини шар’ий ҳукмларга асос қилиб олишда ҳар бир ҳадиснинг саҳиҳлигига катта эътибор бериш ва уларнинг носих, мансухлигини чуқур аниқлаш; саҳобаларнинг иттифоқлик ила чиқарган қарорлари (ижмў) ҳамда қиёс ва ижтиҳод усулларига биноан ҳуқуқий хулоса чиқаришдан ташқари истиҳсон деб аталувчи қўшимча манбадан ҳам фойдаланиш. Ҳанафийлик мазҳаби оддий ҳуқуқ (урф-одат) дан ҳам ҳуқуқнинг кенг мустақил ёрдамчи манбаи сифатида фойдаланади, бу ҳол ҳаётий эҳтиёжларни ва маҳаллий одатларни ҳисобга олиб ҳуқуқий қарорлар қабул қилиш имконини беради. Бу мазҳаб қоидалари мўтадиллиги, бирмунча юмшоқлиги, қулайлиги, халқларнинг маҳаллий анъаналарини эътиборга олганлиги сабабли 11-асрдан бошлаб шимол ва шарққа кенг ёйилган. Кичик Осиё, Болқон, Шим. Кавказ, Қора денгиз, Волга бўйлари, Ўрта Осиё мамлакатлари, Афғонистон, Ҳиндистон ва Хитойнинг олис ҳудудларига тарқалган. Ҳозирги даврда дунё мусулмонларининг қарийб ярми, шу жумладан, юртимиз мусулмонлари ҳанафийлик мазҳабига амал қилган ҳолда мусулмончилик қонун-қоидаларини бажариб келмоқда[1].
Манбалар
- ↑ „Ҳанафийлик“, . Тошкент: „Ўзбекистон миллий энсиклопедияси“ Давлат илмий нашриёти, 2000—2006.
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |